Оҳангаронда туризм кластери ташкил этилади
Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ўзининг табиати, иқлим шароити, қолаверса, муқаддас қадамжолари билан нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳларни ҳам мафтун қилмоқда.
Икки томонини Қурама ва Чотқол тоғ тизмалари ўраб турган, ўртасидан Оҳангарон дарёси оқиб ўтган ушбу воҳанинг мафтункорлиги барчани бирдек ҳайратга солиши, шубҳасиз. Воҳада ер ландшафтининг барча кўринишларини (ўрмон, тоғ, қир-адир, тўқайзор, текислик, чўл ва ҳ.к.) учратиш мумкин. Ушбу ҳолат табиатнинг хилма-хил бўлишини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ранг-баранглигини таъминлайди. Масалан, биргина Қурама тоғ тизмасининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси Чотқол тоғ тизмасиникидан кескин фарқ қилади. Сабаби қуёш нурлари кўпроқ Чотқол тарафга тушади. Дарё бўйидаги тўқайзор ҳам ўзига хос табиат оламига эга бўлиб, бу ерда кўплаб ноёб ҳайвон турлари ва ўсимликларни учратиш мумкин.
Туман экотуризмни ривожлантириш учун жуда қулай ҳудуд саналади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, экотуризмнинг ривожи учун биринчи навбатда ҳавонинг тозалиги муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабданми Оҳангарон туманининг Эртошсой, Овжазсой, Ўрғозсой каби жойлари барчанинг диққатини ўзига тортиб келмоқда. Айтиш мумкинки, туризм соҳасини ривожлантириш учун энг аввало коммуникация тузилмасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш лозим. Сўнгги йилларда бу борада туманда кўпгина ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Овжазсойга олиб борувчи 19 километр, Эртошсойга борувчи қарийб 12 километр йўл тўлиқ асфальтланиб, эндиликда бемалол енгил автомашиналарда тоғнинг этагигача ҳаракатланиб бориш мумкин. Олис тоғли ҳудудлардаги алоқа ва интернет сифатини яхшилаш борасида ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда туманда 80 та “меҳмон уйлари” ташкил этилиб, уларга кунига тахминан 500-600 нафар маҳаллий ҳамда хорижий туристлар ташриф буюрмоқда. Бундан ташқари, умумий майдони 274 гектарни ташкил этувчи 19 та оромгоҳ маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар учун хизмат кўрсатиб келмоқда. Оҳангарон тумани нафақат, экотуризм, балки зиёрат туризми учун ҳам қулай жой ҳисобланади. Узоқ тарихга эга бўлган Оҳангарон воҳасида қадимдан асосан деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик ва кончилик ривож топган бўлиб, бугунги кунда бу фаолият турларини тасдиқловчи 204 та маданий мерос объекти мавжуд. Улардан энг машҳури “Шоабдумалик ота” зиёратгоҳи бўлиб, ҳозирда бу ерда республика миқёсида ягона бўлган туризм кластерини ташкил этиш ғояси илгари сурилди.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш мақсадида Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан 6 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Кластер таркибида очиқ осмон остидаги музей, ёпиқ музей, меҳмонхона, сайёҳлар учун ахборот маслаҳат маркази, ҳунармандлар шохобчаси, рассомлар ҳамда ҳунармандлар галереяси, суратхона, китоб расталари каби қатор туристик хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади. Шунингдек, бир неча йиллардан буён ўтказилаётган “Илоқ” этнографик фестивали ҳам ҳар йили кўплаб маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни жалб этмоқда. Апрель-май ойларида, айни табиат уйғонган ва гўзалликка бурканган дамда ўтказиб келинаётган ушбу анъанавий фестиваль фақатгина этнографик жамоаларнинг чиқишлари билангина эмас, балки Оҳангарон туманининг тарихини, унинг жозибадорлигини кенг тарғиб қилишга хизмат қилаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Фестиваль доирасида ҳар йили 4 мингдан зиёд маҳаллий ва юзлаб хорижлик меҳмонларнинг келиши унга бўлган қизиқишни янада оширмоқда. Айни дамда Оҳангарон туманида туризмни янада ривожлантириш бўйича бир қанча инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этиш бўйича қуйидаги дастлабки амалий ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, туманнинг “Янгиобод” МФЙдаги ўрмон хўжалигига қарашли ҳудудда “Чанғи йўлакчаси”ни ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилиб, давлат инвестиция дастурига киритилди.
А.Мусаев, ЎзА.