Огоҳлик қўнғироғидир Навоий!
Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига
Улуғ ибодатга чоғланган каби
Халқим пири томон келмоқда оқиб.
Бу кунлар илоҳий, бу кунлар наби,
Яратганнинг нигоҳидир Навоий.
Бир қуёшки, мунаввардир назми кўк,
Бир шарафки, шарафлар ичра ўзбек,
Бир уммонки, ўзани эзгулик, эрк,
Кўнгилларнинг боргоҳидир Навоий.
Маънавият надир?!
Надир илм-урфон?!
Адолат туғини кўтарган аркон,
Мулки тафаккурга пири чароғбон,
Маънавият байроғидир Навоий.
Навоийни ўқиб, ёришар олам,
Улус дарди, орзулари унда жам,
Навоийдан мадад сўрагил, болам,
Эл бош урар даргоҳидир Навоий!
Навоийга етмай етмаймиз ҳаққа,
Маърифатдан айру айлансак халққа,
Хасдек отадилар бизни қирғоққа,
Элнинг пушти паноҳидир Навоий!
Етсак эди илоҳиёт назмига,
Кирсак эди руҳоният базмига,
Дармон бўлсак улус дарду арзига,
Не тонг қалб ичра боқийдир Навоий!
Неча замон, кўҳна асрлар аро,
Салтанату олий қасрлар аро,
Буюк назму буюк насрлар аро
Ҳамон султон, пир, доҳийдир Навоий!
Озод элим,омонмисан, бормисан?
Ватан учун келажакка ёрмисан?
Буюк йўлда уйғоғу бедормисан?
Икки олам сўроғидир Навоий!
Ҳур миллат кўтарган муборак туғ у,
Ҳақдан ёруғ пайғом, абадий руҳ у,
Руҳимиз етмаган буюк андуҳ у,
Равзаи ишқ булоғидир Навоий!
Азал котибидан ёрлиқ,нишона,
Миллат фитратига мангу афсона,
Ўзбек манглайига икки жаҳона
Ёқиб қўйган чироғидир Навоий!
Тангрим пир сайлади адабиётга,
Мукаррам айлади инсониятга,
Шу эл қайғусинда абадиятга
Огоҳлик қўнғироғидир Навоий!
Энахон СИДДИҚОВА,
Ўзбекистон халқ шоири, сенатор.
ЎзА