Оғир атлетикачилар Хоразмда беллашди
Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида беш кун давомида Ў-20 ёшлар ва катталар (эркаклар ҳамда аёллар) ўртасида оғир атлетика бўйича Ўзбекистон кубоги ҳамда Марказий Осиё очиқ чемпионати бўлиб ўтди.
Мазкур чемпионатда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан етакчи спортчилар, шунингдек, Туркия, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон каби давлатлардан атлетлар қатнашиб, ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Ҳар бир баҳс муросасиз курашларга бой бўлиб, томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Мусобақа давомида бир нечта янги Ўзбекистон рекордлари ўрнатилди. Хусусан, Нигора Абдуллаева, Ригина Адашбоева ва Омадилло Олимов ўз вазн тоифаларида тарихий натижаларга эришиб, миллий рекордларни янгилади.
Шунингдек, мусобақани адолатли ва шаффоф ўтказишни таъминлаш мақсадида допинг назорати ҳам ўтказилди.
Бундан ташқари, бир қатор номинациялар бўйича энг яхши спортчилар аниқланди. Жумладан, катталар ўртасида энг яхши аёл спортчи — Нигора Абдуллаева, ёшлар ўртасида энг яхши қиз бола спортчи — Мадина Файзуллаева, катталар ўртасида энг яхши эркак спортчи — Шарофиддин Амриддинов ва ёшлар ўртасида энг яхши ўғил бола спортчи — Руслан Раҳматжонов дея эътироф этилди.
– Мусобақада хорижлик спортчилар сони ҳам олдингиларидан кўпроқ бўлди, – дейди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ходими Абдусаттор Мамасодиқов. – Ўзбекистон кубогининг ўзида республикамизнинг 200 дан ортиқ атлетлари иштироқ этишди. Шу сафар жуда кўп рекордлар янгиланди. Бу мамлакатимиз учун катта ютуқ. Мусобақада, айниқса, Хоразм вилояти вакиллари ёшлар ўртасида ўғил болалар ҳамда қиз болалар йўналишида юқори марраларни эгаллаганини алоҳида эътироф этмоқ лозим.
Мусобақа якунига кўра, ҳудудларнинг натижалари:
Катталар: эркаклар:
1. Тошкент вилояти.
2. Самарқанд вилояти.
3. Хоразм вилояти.
Катталар: аёллар:
1. Хоразм вилояти.
2. Қашқадарё вилояти.
3. Навоий вилояти.
Ёшлар: ўғил болалар:
1. Хоразм вилояти.
2. Тошкент вилояти.
3. Қорақалпоғистон Республикаси.
Ёшлар: қиз болалар:
1. Хоразм вилояти.
2. Навоий вилояти.
3. Наманган вилояти.
[gallery-25304]
Қайд этиш керак, Урганч шаҳрида ўтган Ўзбекистон кубоги мусобақалари ва “Марказий Осиё” очиқ чемпионати спортчилар учун нафақат совринли натижалар, балки олдинда турган халқаро мусобақаларга тайёргарлик ва синов вазифасини ҳам бажарди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари