ОФК президенти Тошкентда
Ўзбекистонда футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш ҳамда истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилиш мақсадида Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Миллий футбол марказида Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Баҳодир Қурбонов, спорт вазири Адҳам Икромов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда ОФК делегацияси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда ОФК ва ЎФА ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда футбол инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Шундан сўнг меҳмонлар Миллий футбол марказидаги видеотакрорлар тизими (VAR) маркази, рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ва тиббиёт маркази фаолияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, делегация аъзолари Янги Тошкентда барпо этилаётган стадионда бўлиб, қурилиш жараёнларини кўздан кечирди.
Ташриф давомида ОФК президенти бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳрида барпо этилган Олимпия шаҳарчасига ҳам ташриф буюриб, мазкур спорт мажмуаси билан танишди.
Мазкур ташриф Осиё футбол конфедерацияси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, мамлакатимиз футбол инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда халқаро тажриба алмашишга хизмат қилади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА