Офатнинг оқибати билан курашиш эмас, унинг олдини олиш муҳимдир
13 октябрь – Халқаро табиий офатлар хавфини камайтириш куни муносабати билан Жиззах вилоятидаги олий таълим муассасалари талабалари учун кўргазмали семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирларда табиий офатларга қарши курашишда ҳушёрлик ва фаол фуқаролик позициясининг ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.

Табиий офатлар – ердаги ўзгаришлар ва табиий жараёнлар туфайли юзага келадиган, инсон ҳаёти ва фаолиятига жиддий таҳдид солувчи ҳолатлардир. Ҳар қандай фавқулодда юз берган вазиятда инсон омилининг роли ҳал қилувчи бўлиб, бефарқлик кўп ҳолларда оғир йўқотишларга сабаб бўлади. Тадбир давомида ана шу воқелик ёшларга амалий мисоллар орқали тушунтирилди.

Шунингдек, иштирокчиларга фавқулодда вазиятлар оқибатини бартараф этиш эмас, унинг олдини олиш устувор эканлиги таъкидланди. Бу йўлда билим ва ҳушёрлик ҳар қандай техника ёки моддий ресурсдан ҳам самаралироқ бўлиши мумкинлиги қайд этилди. Тадбирлар ёшларнинг мазкур масалага бўлган ёндашувини фаоллаштириш, уларни жамиятда масъул шахслар сифатида шакллантиришга қаратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА