“Одил судлов - 2030”: Янги ўзбекистонда суд тизими қандай ўзгаради?
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 14 августдаги «Одил судлов - 2030»: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги фармони суд тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим дастурий ҳужжат бўлди.
Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси Ғайрат Эргашев фармоннинг аҳамияти ва ижроси бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
– Президентимизнинг янги фармони суд тизимини бутунлай янгилаш, уни одамларга яқинроқ, тушунарлироқ, тезроқ ва энг муҳими – адолатлироқ қилишга қаратилган.
Фармонга кўра, суд ислоҳоти олтита асосий ғоя – яъни “устун”га таянади. Жумладан, халқчил суд – судлар фаолияти бутунлай очиқ бўлади. Яъни суд жараёнлари ҳақидаги маълумотларни олиш осонлашади. Судлар бюрократиядан халос бўлади ва халқ ишончини қозонади. Бунинг амалий ифодаси сифатида, 2030 йилгача барча суд биноларида “ягона дарча” хизматлари йўлга қўйилади. Энди фуқаро судга борганда биргина дарча орқали барча саволларига жавоб топади, ҳужжатларини топширади ва керакли маълумотларга эга бўлади.
Адолат қўрғони – судлар мустақил бўлади. Ҳеч ким судга босим ўтказа олмайди. Инсон ҳуқуқлари биринчи ўринга қўйилади. “Кафолатланган адолат” – суд қарорлари қонуний, адолатли ва асосли бўлади. Агар бировнинг ҳуқуқи бузилган бўлса, у суд орқали бу ҳуқуқни тиклаши учун барча шароит яратилади. Мисол учун, даъво аризасида камчилик бўлса, энди уни дарров қайтариб юборилмайди, балки суднинг ёрдами билан бу камчиликни тузатиш имконияти берилади.
Адолат посбонлари – судьялар ва суд ходимлари юксак ахлоқий ва касбий фазилатларга эга бўлган, ҳалол ва адолатли инсонлардан иборат бўлади. Бунинг учун одил судлов тизими учун узлуксиз кадрлар тайёрлаш занжири (Pipeline model) жорий этилади.
Рақамли одил судлов – суд ишлари бутунлай рақамлаштирилади. Одамлар узоқ вақт сарфламасдан, қулай ва тез суд муҳокамасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Суд иш юритувида қоғоз шаклидан воз кечилиб, ҳужжат айланмаси тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. my.sud.uz порталининг янги мобил иловаси ишга туширилиб, судга мурожаат намуналари интерактив тарзда тақдим этилади.
Халқаро эътироф – Ўзбекистон суд тизими илғор халқаро стандартларга мослашади ва бу мамлакатимизнинг дунёдаги обрўсини оширади. Жумладан, 2025 йил 4 мартда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Судьялар ва суд ходимлари фаровонлиги халқаро куни” резолюциясидаги тавсиялар босқичма-босқич амалга оширилади.
Фармон билан биргаликда стратегиянинг ўзи, уни 2026-2028 йилларда амалга ошириш бўйича “Ҳаракатлар дастури” ва аниқ мақсадлар кўрсатилган иловалар тасдиқланди.
Яъни, энди бу ишлар фақат орзу эмас, балки босқичма-босқич бажариладиган аниқ режадир. Суд қарорларини қайта кўриб чиқиш янгича тартибда 2027 йил 1 июлдан бошлаб ҳудудлараро судлар иш бошлайди. Бу судлар бир нечта ҳудудни қамраб олади ва улар тафтиш тартибидаги ишларни кўриб чиқади. Бунда вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг айрим ваколатлари тугатилиб, ишни қайта кўриш тартиби соддалаштирилади ва тезлашади.
Мисол учун, агар вилоят судида кўрилган ишдан норози бўлсангиз, энди пойтахтга бориб эмас, балки сизга яқин бўлган ҳудудлараро судга мурожаат қилишингиз мумкин. Бу вақт ва пулингизни тежайди.
Шунингдек, Олий судга фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтирилади. Айниқса, олис ҳудудларда яшовчилар учун қулайликлар яратилади. Тергов суриштуривида суд назорати кучаяди, яъни 2027 йил 1 июлдан бошлаб тергов судьяси “асосли гумон” (Prima Facie) халқаро стандарти асосида иш юритади.
Энди судьялар шахсни ушлаб туриш ва бошқа мажбурлов чораларини қўллашнинг қонунийлигини, гумоннинг асослилигини чуқур текширади. Бундан ташқари, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишга ҳам энди суд рухсат беради. Бу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолатидир.
Олий суд 2027 йил 1 августдан бошлаб “Прецедентлар” реестрини юритади. Яъни барча суд қарорлари очиқ эълон қилинади ва янгиланиб борилади. Бу қонунларнинг бир хил талқин қилинишига ва суд қарорларининг барқарор бўлишига хизмат қилади.
Суд қарорларини ишлаб чиқишда олимлар, мутахассислар ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳам жалб қилинади. Шу мақсадда экспертлар кенгашлари ташкил этилади.
2030 йилга бориб Ўзбекистон суд тизими халқнинг ишончига сазовор бўлган, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қиладиган, замонавий рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосида ишлайдиган, коррупцияга мутлақо йўл қўймайдиган, юксак профессионаллик ва очиқлик намунаси бўлган тизимга айланади.
Хулоса қилиб айтганда, “Одил судлов – 2030” стратегияси суд тизимини бутунлай янги босқичга кўтаради. Энди суд тез, қулай, шаффоф, мустақил ва ҳақиқатда адолатли бўлади. Энди ҳар бир фуқаро – хоҳ Тошкентда, хоҳ олис қишлоқда яшасин – судга ишонч билан мурожаат қилиб, ҳуқуқини ҳимоя қилдира олади. Бу эса Янги Ўзбекистонда ҳақиқий адолатнинг қарор топиши йўлидаги энг муҳим қадамлардандир.
Норгул Абдураимова, ЎзА