ОДАМЛАР ОРАСИДА: қандай инсон гул сотиб олади? (+Видео)
Пойтахтимиздаги "Қўйлиқ деҳқон бозори"даги сотувчилардан оддийгина целлофан пакетчадан иссиқхона қуриб, у ерда минглаб гулларни етиштириб сотаётган Барно Ёрмуҳаммедова ҳақида эшитиб қолдик.
Бозорнинг гуллар сотиладиган ҳудудида бўлиб, тадбиркор аёлни суҳбатга чорладик.
— Иссиқхонангизда неча хил гуллар бор?
— Бу ерда 40 хилга яқин гулларим бор. Нархлари ҳам катта-кичиклиги, парваришлаш ҳолатига қараб 5 минг сўмдан бошланиб, юқорига қараб ўсаверади.
— Харидорлар энг кўп талаб қиладиган гуллар қайси?
— Юртимизда етиштирилган геранни кўпроқ сўрашади.
— Ҳар бир инсон қайсидир касбни эгаллашида нимадир туртки бўлади. Гулчилик соҳасига қизиқишингизга сабаб нимада?
— Келин бўлиб тушган хонадонимдаги қайнона-қайнотам гулчилик билан шуғулланишади. Мен ҳам улардан гул етиштириш, парваришлаш сирларини ўрганиб олиб, тадбиркорликни бошладим.

— Гулларда ҳам ўзига хос «характер» хусусиятлар бўлса керак?
— Албатта, улар ҳам инсонларга ўхшаб характерга эга. Ҳамма гулга ҳар хил парвариш керак. Баъзи гуллар кўп сув ичишни хоҳласа, баъзилари кам сувни хоҳлайди. Айримлари ёруғлик талаб қилса, баъзи гуллар ёруғликни ёқтирмайди. Уларнинг хоҳишига қараб қишда лампочка қўйиб, ёруғликни етарли қилсак, ёзда соя шароит яратиб берамиз.
Гуллар қанча ўртача ҳароратда бўлса, шунча гулини узоқ ушлаб туради, тўкиб юбормайди. Улар асосан сотишга мўлжаллангани учун иложи борича узоқ олиб туришга ҳаракат қиламиз. Гул турадиган хона ҳарорати ўртача 10 градусдан 25 градусгача бўлиши керак.
Ёзда 35-45 градус бўлиб кетса, гулларнинг сифати ўзгаради. Иложи борича, соя жойга қўйиш керак бўлади.
— Харидорларингиз кўпроқ кимлар?
— Эркаклар кўпроқ аёли, онаси ёки яқин қариндошига совға қилиш учун олади.
– Энг ўстириш қийин бўлган гул турлари қайси?
— Харидорлар кўпинча "цикломен деган гулни ўстиришга қийналяпман, қандай қилиб парваришласам бўлади", дейишади. Буни яхши ўстириш учун тувакка эмас, асосан остидаги тарелкасига сув қуйиш керак. Ёзда иссиқдан сақлаш зарур. Бу салқин ҳавони яхши кўрадиган гул. Картошкаси борлиги учун тепасидан сув қуйсангиз, қуриб қолади.
— Гулларни кўпроқ нималар билан озиқлантириш керак?
— Калий, фосфарт гулларга жуда яхши озуқа. Баргларини оддий шампунни сувга аралаштириб, юмшоқ мато билан артаман.
— Ҳаётингизда муаммолар ёки тўсиқларга дуч келганингизда, касбингиз қанчалик асқатади?
— Шундай вазиятларда гулларим ва харидорларимдан завқ оламан. Гулни фақатгина яхши кайфиятда бўлган одамгина сотиб олиши мумкин. Ўзим тиббиёт соҳасини тугатганман. Чиройли нарсаларни яхши кўрганим учун гулчиликни танлаганман. Одамларни ҳамиша хурсанд бўлиб юрганини кўргим келади.
<iframe width="1366" height="657" src="https://www.youtube.com/embed/ZOrCXO6JrJg" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА