“Очиқлик индекси”да 66 давлат органи “яшил” натижани қайд этди
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров шу саволга жавоб берди:
– Очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу боис, давлат бошқарувида шаффофлик, очиқ мулоқот ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқликка оид қонунчилик базасини янада такомиллаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Хусусан, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати 43 тага етказилди. Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан идоравий ҳужжатларни қабул қилишда очиқликни таъминлаш тамойилига қатъий риоя қилиниши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш механизмлари янада такомиллаштирилди.
2025 йилда Парламент палаталарининг барча мажлислари ва ҳудудий кенгашлар томонидан ўтказилган 559 сессия, шунингдек, илмий кенгашларнинг 2 минг 79 докторлик илмий даражалари ҳимояси жараёнлари телеканаллар ва Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилди.
Давлат идоралари ва ташкилотларининг очиқликка масъул бўлган 146 нафар ходимининг малакасини ошириш ҳамда уларга услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида хорижий экспертлар иштирокида еттита ўқув курси ташкил этилди.
Агентликнинг давлат хизматчиларини онлайн режимда ўқитишга мўлжалланган “E-learning” электрон платформасидаги интерактив модуллар сони 14 тага етказилди. Мазкур платформа орқали давлат идораларининг 1 минг 320 нафар ходими ўқитилиши таъминланиб, уларга махсус сертификатлар берилди.
Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги “Очиқлик индекси” асосида баҳолаб келинмоқда.
2025 йил якунлари асосида ўтказилган бу йилги баҳолашда 97 вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинди. Баҳолаш жараёни 84 баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида амалга оширилди.
Натижаларга кўра, 66 давлат органи “яшил”, 22 таси “сариқ” ва 9 таси “қизил” самарадорлик кўрсаткичларини қайд этди.
Эътиборли жиҳати, жорий йилги баҳолашда ўтган йилга нисбатан “яшил” тоифада баҳоланган идоралар сони 34 фоизга кўпайган.
Очиқлик бўйича энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Ўзбекгидроэнерго” ва “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамиятлари, Транспорт назорати инспекцияси, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан қайд этилди.
Республика даражасидаги ташкилотлардан Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, ҳудудий миқёсда эса Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари энг паст кўрсаткичларни қайд этиб, “қизил” тоифада баҳоланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш ишлари изчил давом эттирилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА