Очиқ қабулда халқ дарди эшитилди
Аҳоли билан юзма-юз мулоқот — муаммоларни жойида ўрганиш ва уларга самарали ечим топишнинг муҳим воситаси. Президентнинг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонасида ўтказилган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг навбатдаги оммавий қабулида ҳам фуқароларнинг мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди.
Қабулга келган юртдошлар ўзларини қийнаётган масалалар, ҳаётий эҳтиёжлари ва таклифларини вилоят раҳбарига бевосита баён қилишди. Мулоқот давомида 120 дан ортиқ фуқаро қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари атрофлича ўрганилди.

Мурожаатларнинг ҳудудий қамрови кенг бўлиб, улар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларини қамраб олди. Энг кўп мурожаатлар Гулистон шаҳри, Сирдарё, Сайхунобод, Мирзаобод ва Гулистон туманлари аҳолисидан келиб тушди. Шунингдек, қўшни ҳудудлардан келган фуқароларнинг масалалари ҳам эътибордан четда қолмади.

Қабулда асосан аҳолини бандлик билан таъминлаш, ёшларнинг таълим олиши ва спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиш, уй-жой масалалари, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ичимлик суви таъминоти, иссиқлик тизими ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш каби масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, ижтимоий ҳимоя, коммунал хизматлар сифати ва бошқа долзарб масалалар юзасидан билдирилган мурожаатлар ҳам муҳокама қилинди.
Қабул жараёнида ҳар бир мурожаатга алоҳида ёндашилди. Масалаларнинг айримлари жойидаёқ ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди. Уларнинг ижросини таъминлаш учун масъуллар ва муддатлар белгиланди.

Вилоят ҳокими ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, бир оиланинг ташвиши ва келажакка бўлган умиди мужассам эканини таъкидлаб, аҳоли билан ишлашда асосий эътибор натижага қаратилиши лозимлигини қайд этди.

Бугунги кунда бундай очиқ мулоқотлар фуқаролар билан давлат идоралари ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини ўтамоқда. Одамларнинг муаммосини эшитиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ишлар Сирдарё вилоятида ҳам изчил давом этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА