Очиқ мулоқотлар – тадбиркорлар учун янги имкониятлар
Тошкент вилоятида бизнесни қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган амалий ишлар давом этмоқда.
Шу мақсадда вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг тадбиркорлар ва экспортёрлар билан ўтказган навбатдаги очиқ мулоқоти бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур тадбирнинг ўзига хос жиҳати унинг кенг қамровли ва комплекс ёндашув асосида ташкил этилганидадир.


Жараёнда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси кўмагида ишбилармон доира вакиллари, Афғонистонга экспортни йўлга қўйиш бўйича мутахассислар, шунингдек, бизнесни ташкил этиш ва кенгайтиришга дахлдор барча мутасадди ташкилот ва идоралар, банк-молия муассасалари раҳбарлари иштирок этди. Бу эса тадбиркорлар кўтарган масалаларни бир жойнинг ўзида, ортиқча бюрократик тўсиқларсиз ҳал этиш имконини яратди.


Учрашув давомида қарийб 100 нафар тадбиркор ўзларини қийнаётган масалаларни бевосита вилоят ҳокимига етказди. Асосий эътибор бизнесни кенгайтириш, янги экспорт бозорларига чиқиш, айниқса, Афғонистон давлати йўналишини фаоллаштириш, ер ажратиш, молиявий қўллаб-қувватлаш, кадастр ва кредитлаш масалаларига қаратилди.

Мазкур мулоқот фақат муҳокама майдони бўлибгина қолмай, балки амалий натижаларга ҳам эришилди. Хусусан, 36 нафар тадбиркорнинг муаммоси тегишли ташкилот ва бошқармалар иштирокида жойида ҳал этилди. Яна 42 нафар тадбиркорга ўз фаолиятини ривожлантириш учун аниқ имкониятлар кўрсатиб берилди ва зарур тушунтиришлар берилди. Бу эса тадбиркорларнинг вақт ва ресурсларини тежаш, уларнинг ишончини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Мулоқотнинг энг муҳим жиҳати – мурожаатларнинг катта қисми шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилганида бўлди. Қўшимча ўрганиш талаб этилган масалалар бўйича эса аниқ муддатлар белгилаб, масъуллар бириктирилди. Умуман олганда, бундай очиқ мулоқотлар ҳудудда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, давлат органлари ва бизнес ўртасидаги ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, энг муҳими экспортга йўналтирилган янги лойиҳаларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
А. Мусаев, ЎзА.