“Очиқ адлия”: сарҳисоб ва истиқболдаги режалар
Сирдарё вилояти адлия бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Очиқ адлия” дастурига мувофиқ навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда бошқарма бошлиғи Салоҳиддин Сатторов ўтган 2022 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва истиқболдаги режалар бўйича маълумот берди.
Маълум қилинишича, бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига ўтган йил давомида жами 4 963 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 4 523 таси ҳал этилган.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 2 287 та тақдимнома ва 4 103 та огоҳнома киритилди, 591 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Кўрилган чоралар натижасида 1 563 нафар айбдор интизомий жавобгарликка тортилган, 12 мингдан зиёд ноқонуний ҳужжатлар бекор қилинган.
Судларга 26 миллиард 469,0 миллион сўмлик 1897 та даъво аризаси киритилди. Таъсир чоралари натижасида ҳозирги кунда фуқароларга 31 миллиард 57 миллион сўм миқдорида пул маблағлари ундириб берилди.

Адлия органлари давлат бошқаруви, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий ёрдам кўрсатади. Матбуот анжуманида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш, коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш аҳамияти, зарурати, тартиби ва бу борада вилоятда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.
– Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 2022 йилда жами 27 та норматив ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди, – дейди бошқарма бўлим бошлиғи Бобур Норбоев. – Уларда 50 дан ортиқ коррупцион омиллар аниқланиб, бартараф этиш бўйича юқори турувчи органга таклифлар берилган.

Анжуманда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
Ш.Суяров, ЎзА