Ободлик ва файзу барака омили
Кейинги йилларда аграр соҳани ривожлантириш, унинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳаларда бўлгани каби аграр тармоқда ҳам ислоҳотлар изчил жорий этилмоқда. Натижада қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланиш кўрсаткичларига эришилиб, аҳоли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминланмоқда.Кейинги йилларда аграр соҳани ривожлантириш, унинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда дастуриламал бўлаётир.
– Тармоқда хусусий мулк устуворлиги таъминланиб, хўжалик юритиш шакллари такомиллашиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг иқтисодий ислоҳот масалалари бўйича мажмуа раҳбари ўринбосари Муҳаммаджон Қосимов. – Маҳсулот ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектларини молиялаштириш, кредитлаш, моддий-техника таъминоти ва бошқа йўналишларда бозор тамойилларига мос механизмлар жорий этилди. Хўжалик юритишнинг энг самарали, ўзини ҳар томонлама оқлаган фермерлик ҳаракатига ўтилиши соҳада янги даврни бошлаб берди. Улар фаолияти учун барча шарт-шароит яратилгани фермерларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши ва иқтисодий самарадорлиги мунтазам ошишини таъминламоқда. Фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлиги ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда фермерлар учун солиқ имтиёзлари, кредит олишда қатор енгилликлар, четдан техника воситалари, жиҳозлар сотиб олинаётганда божхона афзалликлари жорий этилган. Бу борада Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳосилдорлиги паст ерларда пахта етиштираётган фермер хўжаликларига бюджетдан молиявий ёрдам берилаётгани уларнинг иқтисодий жиҳатдан юксалишида муҳим омил бўлмоқда.
Маълумки, аҳоли сонининг ўсиши ва саноатнинг жадал ривожланиши ер-сув ресурслари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабни оширмоқда. Бу сувдан оқилона фойдаланишни, ерларнинг мелиоратив ҳолати ва унумдорлигини яхшилаш орқали экинлар ҳосилдорлигини оширишни тақозо этмоқда. Сув хўжалиги ташкилотларининг эксплуатация харажатлари, суғориладиган ерлар мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирларининг давлат бюджетидан қопланиши ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Натижада асосий экин майдонлари билан бир қаторда аҳоли томорқаларининг ҳам сув таъминоти, мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришилмоқда.
2013-2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш давлат дастурини амалга ошириш доимий эътиборда. Унга кўра, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси жорий йилда узунлиги 739,8 километр коллектор, вертикал дренажли 107 қудуқ, 1269 кузатув қудуғи, 75,2 километр ёпиқ горизонтал дренаж тармоғини қуриш ва реконструкция қилишга эришди.
Чорвачилик соҳасида ҳам қатор ютуқларга эришилмоқда. 2014 йилнинг ўтган даврида чорвачиликни ривожлантириш учун 2 мингдан зиёд, паррандачилик ва балиқчилик йўналишида 1 минг 530 дан ортиқ, асаларичиликда 828 лойиҳа амалга оширилди. Тижорат банклари ушбу лойиҳалар учун 285 миллиард сўм ажратди.
Хомашёдан кўра қайта ишланган маҳсулотни экспортга чиқариш кўпроқ фойда келтиришини бугун ҳар бир фермер англаб етмоқда. Бу қайта ишланган, тайёр маҳсулотлар миқдори ортишини таъминламоқда.
Бугун фермерларимиз қишлоққа саноатни олиб кириш орқали янги иш ўринлари яратиш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Улар томонидан қайта ишланган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда ўз ўрнини топаётгани хорижий давлатларнинг юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган қизиқишини янада оширмоқда.
Мухтасар айтганда, қишлоқ хўжалигида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга хизмат қилмоқда.