Обод маҳалла – фаровон ҳаёт мезони
Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги “Фозилтепа” маҳалла фуқаролар йиғини обод ва фаровон маҳалла сифатида туманда ибрат бўлаётган ҳудудлардан. Айниқса, Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида амалга оширилаётган ишлар масканда янги тараққиёт босқичини бошлаб бермоқда.
Бугунги кунда маҳаллада 1165 хонадонда 4793 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир оила, ҳар бир хонадон манфаати маҳалла еттилигининг диққат марказида.
Фозилтепада аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, нуронийларни эъзозлаш, тадбиркорликни ривожлантириш каби йўналишларда тизимли ишлар яхши йўлга қўйилган.
[gallery-29736]
Маҳалланинг иқтисодий фаоллигида савдо ва ишлаб чиқариш соҳалари муҳим ўрин тутади. Ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлар нафақат ўз бизнесини ривожлантирмоқда, балки янги иш ўринлари яратиб, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликнинг ривожланиши аҳолининг даромад манбаларини кенгайтириш, ёшларни иш билан таъминлаш ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маҳаллада шу кунларда амалга оширилган аҳамиятли ишлардан бири – икки тор кўчада жойлашган болалар майдончаларининг таъмирланганидир. Ушбу хайрли ташаббус тадбиркорлар ва нуронийлар ҳамкорлигида амалга оширилди. Натижада болалар учун хавфсиз, шинам ва замонавий ўйин майдонлари барпо этилди. Манзилда болажонларнинг қувноқ кулгиси янграмоқда, уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилди.
Бу каби ишлар ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий камолотига хизмат қилиши билан бирга, маҳаллада соғлом ижтимоий муҳит шаклланишига ҳам замин яратади.
Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш ишлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, айни пайтда маҳалла кўчаларига асфальт ётқизиш ишлари давом эттирилмоқда. Замонавий қиёфа касб этаётган йўллар нафақат транспорт ҳаракатини енгиллаштирмоқда, балки маҳалланинг ташқи кўринишини ҳам яхшиламоқда. Бу каби амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари аҳоли розилигига хизмат қилмоқда.
Ҳудуддаги Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аҳолига коммунал хизматларни сифатли кўрсатиш, уй-жойлар ҳолатини назорат қилиш ва ободончилик ишларини мувофиқлаштиришда фаол иштирок этаётир.
Маҳалла раиси Обиджон Райимов раҳбарлигидаги маҳалла еттилиги аҳоли мурожаатларини ўрганиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ишларини олиб бормоқда. Раиснинг ташаббускорлиги, аҳоли билан яқин ҳамкорлиги ва маҳалла тақдирига дахлдорлик ҳисси кўплаб ижобий ўзгаришларга замин яратмоқда. Энг муҳими, маҳаллада ҳар бир иш инсон манфаати ва аҳоли розилиги асосида ташкил этилмоқда.
Фозилтепа маҳалласида нуронийларнинг ўрни алоҳида. Улар ўз ҳаётий тажрибаси, маслаҳатлари билан ёшларга намуна бўлиб келмоқда. Айниқса, маҳалла тинчлиги, оилалар мустаҳкамлиги ва ёшлар тарбиясида уларнинг ҳиссаси беқиёс.
Маҳаллада ўтказилаётган ҳашарлар, маънавий-маърифий тадбирлар ва ободончилик ишлари жамоавий ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунасидир.
Бугун Фозилтепа маҳалласида амалга оширилаётган ишлар мамлакатимизда маҳалла институтини янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва жамиятда ўзаро меҳр-оқибат муҳитини қарор топтиришга қаратилган эзгу ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА