Обод қишлоқнинг тадбиркор ёшлари
Бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб, оиласига ва эл-юртимизга наф келтираётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб, оиласига ва эл-юртимизга наф келтираётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.Самарқанд вилояти Нарпай туманининг Чақар қишлоғига анчадан бери бормагандим. Яқинда шу қишлоқда бўлиб, очиғи, уни таний олмадим. Эски дўкон ўрнида замонавий тўйхона, пастқам емакхона ўрнида кўркам савдо маскани, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, “Гўзаллик салони” қад ростлабди. Уларда ишлаётганлар билан қизиқдим – ҳаммаси қишлоқ ёшлари.
“Гўзаллик салони” – турмуш маданиятининг ўзига хос кўзгуси сифатида қишлоқларимиз ҳаётига тобора чуқур кириб бормоқда.
Бир пайтлар Чақар қишлоғида Вали сартарошникидан бўлак сартарошхона бўлмасди. У ердаги шароит ҳам ҳаминқадар эди.
– Ҳозир одамларни на кўчадан, на уйидан топасиз. Ҳамма иш билан банд, – дейди Вали ака. – Соч-соқол олдиргани киргани ҳам шошганича чиқиб кетишади.
Вали ака билан суҳбатлашиб ўтириб, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасида ишлаётган ёшлар эътиборимни тортди.
– Яқинда иш бошлашди, – дейди сартарош фикримни уққандек. – Коллежни бултур тамомлаган бўлишига қарамай, қўли гул экан азаматларнинг, бу ерга келувчи машиналарнинг кети узилмай қолди.
– Коллежни битираётганимда “Камолот” фаоллари тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар учун танлов ўтказилаётганини айтишди, – дейди ўзини Зоҳидбек Сайимов деб таништирган йигит. – Танловда қишлоғимизда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси очишга оид бизнес-лойиҳам билан иштирок этдим ва биринчи ўринни эгалладим. Шу асосда банкдан имтиёзли кредит олиб, иш бошладик.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва қатор тижорат банклари ҳамкорлигида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчилари ўртасида 2011 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Менинг бизнес-ғоям” танлови мамлакатимиз ёшларининг ўз бизнес фаолиятини йўлга қўйишида катта имконият бўлди. Уч босқичли мазкур танлов битирувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, якка тартибдаги меҳнат фаолияти, касаначиликни ривожлантириш ҳамда уларга микромолиявий хизматларни кўрсатиш орқали янги иш ўринлари яратишда ҳар томонлама қулай замин туғдирмоқда.
Ўтган даврда танловга 233 мингдан ортиқ касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиси жалб қилинди. Танлов доирасида 1405 ёшга 8 миллиард сўм, шундан 2014 йилда 500 иштирокчига 3,9 миллиард сўм миқдорида микрокредитлар ажратилишида кўмаклашилди. Натижада 3 мингдан ортиқ йигит-қиз иш билан таъминланди.
“Камолот”нинг тадбиркорликка қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2008 йилдан буён амалга ошириб келаётган “Ёш тадбиркор – элга мададкор” лойиҳаси ҳам ёшларга кенг имкониятлар яратмоқда. Ушбу лойиҳада 18-30 ёш оралиғидаги ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш мўлжалланган.
“Ёш тадбиркор – элга мададкор” лойиҳаси доирасида ҳудудий ва мамлакат босқичи ғолибларига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан 500 баробаригача бўлган миқдорда, Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизидан юқори бўлмаган фоизларда кредитлар ажратилишига кўмаклашилади. Мазкур танловнинг ташкил этилаётган шу турдаги лойиҳалардан фарқи шундаки, мамлакат босқичида ғолибликни қўлга киритган ёш тадбиркорнинг кредит фоизлари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши томонидан тўлаб берилади.
2014 йилда 35 нафар ёш шундай имтиёзни қўлга киритди. Уларга қарийб 1 миллиард сўм миқдорида кредитлар берилди.
Ҳа, юртимизда ёшларнинг муваффақиятли бизнес юритиши учун барча шароит яратилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар самарасида ҳар йили касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган 500 мингдан ортиқ битирувчининг кўпчилиги ўз фаолиятини ташкил этмоқда. Бу Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорлар, айниқса, ёш тадбиркорларнинг фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг амалдаги ифодасидир.