Нью-Йоркда ўзбек диаспораси ва штат қонун чиқарувчилари учрашди
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўзбек диаспораси етакчилари, тадбиркорлар ва жамоат фаолларининг штат қонун чиқарувчи органлари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Йиғинда Нью-Йорк штати сенатори Стивен Чан, штат Ассамблеяси аъзоси Михаил Новахов, АҚШ – Ўзбекистон тадбиркорлар уюшмаси, Халқаро Турон федерацияси, “Ватан” жамияти, Ўзбек – Америка ишбилармон аёллар уюшмаси ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, ватандошлар иштирок этди.
Мулоқот давомида тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес юритиш шароитларини яхшилаш, жамоат хавфсизлиги, таълим ва ўзбек маданиятини кенг тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Қўшма Штатлар сенатори Стивен Чан кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш ва маҳаллий аҳоли муаммоларига ечим топиш устувор вазифалардан эканини таъкидлади.
Ассамблея аъзоси Михаил Новахов ўзбек жамоасининг штат иқтисодий ва маданий ҳаётига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолаб, Олбани шаҳрида “Ўзбек маданияти кунлари”ни ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу тадбир орқали миллий таомлар, рақс, тасвирий санъат ва халқимизнинг бой маданий меросини кенг жамоатчиликка таништириш таклиф этилди.
Анжуман доирасида тадбиркорлик, таълим, маданият, спорт ва жамоат ҳаётига ҳисса қўшиб келаётган ватандошларимиз ҳамда ташкилотлар раҳбарлари сенатор ва Ассамблея аъзоларининг махсус фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Тадбир АҚШдаги ватандошларимиз билан маҳаллий ҳокимият вакиллари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
ЎзА