“Нуротатумангаз”да куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилмоқда
Мамлакатимизда энергетика соҳасини модернизация қилиш, аҳолини табиий газ билан барқарор таъминлаш ҳамда коммунал хизматлар сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Бу жараёнда ҳудудлардаги газ таъминоти ташкилотлари томонидан инфратузилмани янгилаш ва тизим самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, “Нуротатумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари изчил олиб борилмоқда. Бу ишлар аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга қаратилган.
Тайёргарлик доирасида 1 километр газ қувури реконструкция қилинди, 25 та газ тақсимлаш қурилмаси тафтишдан ўтказилди. Шунингдек, 5 километр ер ости газ қувурлари махсус приборлар ёрдамида текширилиб, 6 километр газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди.

Соҳада амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлардан яна бири - аҳоли хонадонларини уч босқичли газ таъминоти тизимидан икки босқичли тизимга ўтказиш ишларидир. Жорий йилда туманда 718 та хонадонни мазкур тизимга ўтказиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 552 та хонадонда бу ишлар амалга оширилди. Бу эса газ босимини барқарорлаштириш, тизим самарадорлигини ошириш ва истеъмолчиларга қулайлик яратишга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, маҳаллаларда электрон газ ҳисоблагичларига регуляторлар ўрнатиш ишлари ҳам жадал давом этмоқда.
Энг муҳими, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида амалга оширилаётган ҳар бир тадбир, аввало, истеъмолчилар манфаатини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири