Нуротада қадимий қурт тайёрлаш анъанаси давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Нурота тумани қишлоқларида асрлар давомида шаклланган қўлда қурт тайёрлаш анъанаси бугун ҳам сақланиб келмоқда. Тоғ олди ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли томонидан тайёрланадиган ушбу миллий маҳсулот табиийлиги ва тўйимлилиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
Айниқса, маҳаллий аҳоли сигир ва эчки сутидан тайёрланадиган қуртни нафақат кундалик озуқа, балки миллий қадрият сифатида ҳам эъзозлайди.
Баҳор ва ёз фаслларида тоғ бағирларидаги табиий ўт-ўланлар билан озиқланадиган чорва молларидан олинаётган сутдан турли сут маҳсулотлари, жумладан, қурт тайёрланади.
Қурт тайёрлаш жараёни бир неча босқичдан иборат. Аввало сут қайнатилиб, қатиқ қилинади. Кейин махсус усулда сузиб олинган сузмага туз қўшилиб, қўлда думалоқ шакл берилади ва соя-салқин жойда қуритилади.
Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, қурт қадимдан сафар озуқа сифатида қадрланган. Унинг узоқ вақт сақланиши, енгил ва тўйимлилиги чорвадорлар ва йўловчилар учун қулай озуқа вазифасини ўтаган.
[gallery-29610]
Бугунги кунда ҳам Нурота тумани қишлоқларида меҳмон дастурхонига қурт тортиш ҳурмат белгиси ҳисобланади. Табиий маҳсулотларга бўлган қизиқиш ортиб бораётган бир пайтда Нурота қурти ўзининг софлиги ва миллийлиги билан аҳамият касб этмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА