Нурота туманида 30 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилади
Навоий вилояти Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев Хитой Халқ Республикаси инвестори Ли Ронгжи билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва ҳудудларни саноатлаштиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилиб, туманда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат тармоқларини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Учрашув якунларига кўра, 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этган ҳолда гранит тошларини қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Лойиҳа доирасида Сувлиқ маҳалласи ҳудудида 7 гектар майдонда гранит тошларини қазиб олиш ишлари йўлга қўйилади. Шунингдек, Мустақиллик маҳалласида 14 гектар майдонда замонавий гранит тошларини қайта ишлаш корхонаси ташкил этилади.
Ушбу йирик инвестиция лойиҳаси нафақат ҳудуднинг саноат салоҳиятини ошириш, балки маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат яратишга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, лойиҳа натижасида 60 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш билан таъминланиши кутилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири