Нуронийлар ҳолидан хабар олинмоқда
Бугунги дориламон, осойишта кунларга етишишнинг ўзи бўлмаган
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташаббуси билан юртимизнинг турли гўшаларида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, улар билан дилдан суҳбатлашилмоқда.
Федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқовнинг Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари чоғида Тўрткўл туманида истиқомат қилувчи 96 ёшли Галенко Иван Федотович хонадонига борилди. Ушбу хонадонга қиш мавсуми учун кўмир, газ балон ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Бугунги дориламон, осойишта кунларга етишишнинг ўзи бўлмаган. Бунда хоразмлик Жаббор ота Қаландаров каби минглаб мард ва жасур юртдошларимизнинг муносиб ҳиссаси бор.

Шу куни Федерацияси раиси Ж.Саримсоқов ва федерациянинг Хоразм вилоят ҳудудий бирлашмаси раҳбарияти Жаббор ота хонадонида бўлишди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси билан дилдан суҳбат қурилиб, бугунги рўй бераётган ўзгаришлар ҳақидаги сўз юритилди. Нуроний отахонимизнинг саломатлиги, ҳол-аҳволини ўрганилди.
Суҳбат сўнггида Жаббор ота Қаландаров қўлларини дуога очар экан, юрт тинчилиги, фаровонлигини тилаб, бу неъматлар қадрини яна бир бор ёдга солиб ўтди.
Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аҳмаджон ота Муҳсинов хонадонидаги учрашувда эса инсоният бошига мусибатлар келтирган машъум уруш, ўша оғир кунларни енгиб ўтган ота-боболаримизнинг метин иродаси, чексиз матонати ҳақида сўз борди.

Ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларга осонликча эришилмагани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги, юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда Ватанимиз тараққиёти учун ҳисса қўшиш бугунги авлоднинг муқаддас бурчи экани таъкидланди.
Шунингдек, Федерация раиси Ж.Саримсоқов Қашқадарё вилоятига амалга оширган хизмат сафари давомида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ислом ота Маматқулов хонадонида бўлди. Муаммолари ўрганилиб, ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
