Нуронийлар мақом ва миллий қўшиқчиликда маҳорат кўрсатди
Мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган “Нуронийлар куйлаганда” кўрик-танлови кекса авлод вакилларининг санъатга бўлган меҳрини ошириш, уларнинг ижодий салоҳиятини намоён этишда кенг имконият яратмоқда.
Мақом, фольклор ва миллий халқ қўшиқлари инсон қалбига йўл топадиган, авлодларни бирлаштирадиган бебаҳо маънавий меросдир. Айниқса, нуронийлар ижросидаги дилбар қўшиқларда ҳаёт тажрибаси, эзгулик ва миллий қадриятлар мужассам.

Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими томонидан вилоят ҳокимлиги ва вилоят маданият бошқармаси билан ҳамкорликда уюштирилган мазкур танловнинг Наманган вилояти босқичида ҳудудлардан сараланган 28 нафар нуроний ўзининг бетакрор ижроси, самимий овози билан йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.

Тадбирнинг тантанали очилишида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботирхон Нуриддинов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раисининг муовини Абдурашид Болтабоев нуронийларнинг жамият ривожига қўшаётган ҳиссалари, катта авлод эгаларининг бой ҳаётий тажрибаси, айниқса, бу каби танловлардаги иштироки миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва уни ёш авлодга етказишга хизмат қилаётганини таъкидлашди.


Миллий мусиқа санъатига бўлган юксак эҳтиром намоён бўлган танловда 60 ёшдан ошган эркак ҳамда 55 ёшдан ошган аёл иштирокчиларнинг мақом ва қўшиқчилик йўналишларидаги чиқишлари вилоятдаги маданият ҳамда санъат муассасаларининг малакали мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан кузатиб борилди.


Ҳар бир қатнашчи ўзини таништириш, мақом ёки миллий қўшиқ ижроси ҳамда фольклор йўналишида эркин чиқиш шартлари бўйича ҳакамлар ҳайъати олдида маҳоратини намойиш қилгани қарсаклар билан олқишланди. Дарҳақиқат, танлов нафақат санъат байрами, балки миллий қадриятлар, “Устоз-шогирд” анъаналари ҳамда авлодлар ворислигини ўзида ифода этган маънавият ва маърифат тантанаси бўлди.

Ҳавасманд санъаткор нуронийларимизни муносиб баҳолашда овоз имконияти, ижро маҳорати, саҳна маданияти ва миллий анъаналарга содиқлик алоҳида инобатга олинди. Танловнинг якуний натижаларига кўра, мақом йўналишида Тўрақўрғон туманидан қишлоқ хўжалиги фахрийси Маҳмуджон Кенжаев ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни мингбулоқлик Шерали Тўйчиев эгаллади. Учинчи ўрин Наманган шаҳри вакили Жалолиддин Камоловга насиб қилди.

Миллий қўшиқчилик борасида бор истеъдодини намоён қилган Мирзараҳмат Нозимов биринчи ўринга сазовор бўлди. Тўрақўрғонлик Абдумутал Акрамов иккинчи ўринни банд этди. Поп туманидан Муҳаммадали Маматхўжаев учинчи поғонадан жой олди. Ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар “Нуронийлар куйлаганда” кўрик-танловининг республика финал босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.
Тадбир якунида ғолиблар ва барча фаол иштирокчиларга танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА