Нуристон – “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги замонавий маҳаллага айланади
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон қадри ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш, маҳаллаларни обод масканларга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги Нуристон маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
ГРЭС шаҳарчасида жойлашган Нуристон маҳалласи бугун янги қиёфа касб этмоқда. Ҳудудда йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга қаратилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, маҳалланинг 1,5 километр ички йўллари асфалтланди. Бу мақсадлар учун 2,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Илгари йўлларнинг ҳолати айниқса, ёғингарчилик кунларида аҳолига ноқулайликлар туғдирган бўлса, бугун равон ва сифатли йўллар маҳалла ҳаётининг ажралмас қисмига айланмоқда.

Йўллар билан бир қаторда пиёдалар учун қарийб 2 километр масофада йўлаклар барпо этилди. Шунингдек, велосипедда ҳаракатланувчилар учун ҳам махсус йўлак ташкил қилинмоқда. Бу эса ҳудуд инфратузилмасида замонавий ёндашувлар қарор топаётганини кўрсатади.
Маҳалланинг кечки қиёфаси ҳам тубдан ўзгармоқда. 2,4 километр масофада тунги ёритиш тизими ўрнатилиб, бу ишларга 800 миллион сўм маблағ сарфланди. Замонавий чироқлар кўчаларни ёритиш билан бирга, аҳоли учун хавфсиз ҳаракатланиш имконини янада кенгайтирмоқда.

– Илгари кечқурун маҳалла кўчаларида ҳаракатланишда қийинчиликлар бўларди. Ҳозир эса кўчаларимиз равон, тунги ёритиш тизими ўрнатилди. Пиёдалар учун ҳам алоҳида йўлаклар яратилгани қувонарли. Бу ўзгаришларнинг барчаси халққа бўлган эътиборнинг амалий ифодаси, – дейди маҳалла оқсоқоли Одина Сармонов.
Нуристондаги янгиланишлар йўл ва ёритиш тизими билан чекланиб қолаётгани йўқ. Аҳолининг санитария-гигиена шароитларини яхшилаш мақсадида оқова сув тармоқларини барпо этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Хусусан, қарийб 8 километр узунликдаги оқова сув тармоғи қурилиши кўзда тутилган бўлиб, ундан Нуристон билан бир қаторда яна учта маҳаллада яшовчи қарийб 22 минг аҳоли фойдаланиши режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 1,7 миллиард сўмни ташкил этади.
Бу каби муҳандислик тармоқларининг яратилиши аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси учун муҳим аҳамиятга эга. Зеро, замонавий маҳалла деганда фақат равон йўллар эмас, балки ичимлик ва оқова сув, ёритиш, ободонлаштириш каби тизимларнинг бир-бири билан уйғунлиги тушунилади.

Ҳудудда аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шароит яратишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Нуристон истироҳат боғини қайта реконструкция қилиш ишлари бошланган. Мазкур лойиҳа Нуристонни “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги замонавий маҳаллага айлантириш мақсадлари билан уйғун бўлиб, Президент қарорлари асосида бу ишлар учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Қайта реконструкциядан сўнг истироҳат боғи маҳалла аҳолиси, айниқса, ёшлар ва болалар учун замонавий дам олиш масканига айланиши кутилмоқда. Бу ерда яшил ҳудудларни кенгайтириш, сайр қилиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун қулай муҳит яратиш маҳалланинг умумий қиёфасига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

– Бугун маҳалламиздаги ўзгаришларни кўриб, мустақиллик йилларида юртимиз қандай тараққий этганини ҳис қиламиз. Йўллар, ёритиш, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, оқова сув тармоғи – буларнинг ҳар бири одамлар ҳаёти учун муҳим. Энди истироҳат боғимиз ҳам замонавий кўринишга келтирилмоқда. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз, – дейди маҳалла оқсоқоли Абдуназар Шоназаров.
Дарҳақиқат, маҳалладаги ҳар бир янгиланиш ортида инсон манфаати мужассам. Бир қарашда оддийдек туюлган асфальт йўл, кўчани ёритиб турган чироқ, пиёдалар учун қурилган йўлак ёки оқова сув тармоғи аҳолининг кундалик ҳаётини енгиллаштирадиган, турмуш сифатини оширадиган муҳим омиллардир.

Мустақиллик байрами — шунчаки сана эмас. У халқимизнинг 35 йиллик тараққиёт йўлини, бунёдкорлик салоҳиятини ва энг муҳими, инсон учун яратилаётган янги имкониятларни ўзида мужассам этган улуғ айёмдир.
Нуристондаги бугунги янгиланишлар ҳам ана шу тараққиёт йўлининг маҳалладаги бир кўриниши. Обод маҳалла фаровон ҳаёт, замонавий инфратузилма эса инсон қадрига бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири