“Нуристон” дала-ўқув майдони ҳарбийлар ихтиёрида
Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли “Нуристон” дала-ўқув майдони очилди.
Тадбирда Мудофаа вазирлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, вилоят ҳокимлиги масъуллари, фахрийлар, фаол ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Бир пайтлар мазкур полигонда ҳарбий хизматчилар қисқа вақт давомида турли палаткалар ва вагонларда қийин шароитларда яшаб, ўқув машқларини ўтказишган. Ҳудудда олиб борилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида полигонда замонавий шароитларга эга мажмуа барпо этилди. Замонавий кутубхона, 600 кишилик ошхона, дам олиш хоналари, тиббиёт пункти, ёпиқ ва очиқ ўқув хоналари, ёпиқ ва очиқ турдаги спорт заллари, унча-мунча замонавий меҳмонхонани ҳам ортда қолдирадиган кенг ва ёруғ ётоқхоналар ҳарбий хизматчилар ихтиёрига топширилди.
Туманнинг Туркманистон Республикаси билан чегара ҳудудидаги 35 минг гектар ҳудудни эгаллайдиган ўқув майдонининг 16 минг гектардан ошиқ қисмида турли шароит ва вазиятлардаги уруш стратегиялари бўйича ҳарбий машқ ўтказиш мумкин. Шунингдек, мажмуада бир вақтнинг ўзида 600 нафар ҳарбий хизматчининг яшаб, машқ ўтказиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
[gallery-726]
Тантанали тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда Юртимизда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириш, миллий армиямизнинг қурол-яроғ базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларга етарли шарт-шароитларни яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторларнинг ташкил этилиши мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқ якдиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан барпо этилган “Нуристон” дала-ўқув майдонининг фойдаланишга топширилиши ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг яққол намунасидир.
Айтиш жоизки, бугунги кунда турли давлатларда ҳарбийлар ўртасида нуфузли ҳарбий-спорт мусобақалари ташкил этилмоқда ва ҳамюртларимиз ушбу мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритмоқда. Замонавий кўриниш касб этган “Нуристон” дала-машқ майдонида эса ҳарбий хизматчиларнинг ана шундай йирик мусобақаларга тайёргарлик кўриши, қолаверса, халқаро даражадаги йирик спорт мусобақаларини ўтказиш учун барча имкониятлар яратилди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Мирзаев иштирок этди.
Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА