Нурафшондаги нураётган уйлар
Луқма
Тошкент вилоятининг маркази Нурафшон шаҳри томон йўлингиз тушса, янги кўп қаватли биноларга қараб ҳавасингиз келади. Айниқса, “Nurafshon city” ҳудудида бунёдкорлик ишлари авжида. Бу ерда давлат ва жамоат ташкилотларининг маъмурий бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.
Кўп қаватли тураржой биноларини қуришда сейсмик хавфсизлиги махсус лаборатория ускуналари ёрдамида синовдан ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилган. 2023 йил дастуридаги барча уй-жойларга энергия тежаш мақсадида қуёш панеллари ўрнатилиши белгиланиб, панеллар ва энергия тежамкор ускуналар ўрнатилмаган уй-жойларни фойдаланишга қабул қилмаслик тартиби ҳам қўлланилмоқда.
Эски Тўйтепа бирин-кетин қурилаётган баланд бинолар эвазига чирой очиб бормоқда. Бироқ шунчалик ижобий ишлар орасида дилни хира қилувчи муаммолар ҳам етарлича топилади. Эътиборимизни тортгани бу айнан янги қурилиб, фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйлардаги салбий ҳолатлардир.
Кузатувларимиз Нурафшон шаҳридаги Муқимий, Гузар, Тўйтепа, Наврўз, Янгобод ва Умаров маҳаллалари мисолида бўлди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунида ногиронларнинг турар жойларга, жамоат ва ишлаб чиқариш биноларига, иморатлар ва иншоотларга, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларига, маданий-томошагоҳ ҳамда бошқа муассасаларга тўсқинликсиз кириши учун шароитлар яратиш шартлиги белгиланган. Ўз навбатида мазкур қонун талабларини бажармаганлик учун тегишли ташкилотларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилади.
Кузатувларимизга кўра, мазкур маҳаллалардаги янги қурилган кўплаб кўп қаватли уйларда юқорида келтирилган талабларга риоя қилинмаган. Бинога кириш қисмида баланд зиналар олдида ва юқори қаватга олиб чиқувчи лифтгача махсус пандуслар қилинмаган. Бу ҳол нафақат ногиронлар, балки юришга қийналадиган кексалар ва ёш боласи бор аёлларга ҳам ноқулайлик туғдиради.
Кейинги салбий ҳолат турар жой биноларининг деворлари ва эшиклари бўлди. Турли ёзувлар, номаъқул сўзлар, йиртилган эълонлар ва анчадан буён тозаланмаган кириш йўлакларини кўрган кишининг дили ранжиши бор гап. Аслида бунга шу ерда яшовчиларнинг озодаликка амал қилмаслиги ҳам сабаб бўлади. Бу борада мазкур маҳалла раислари, фаоллар, кўп қаватли уйда яшовчи аҳоли ҳам бир ўйлаб кўрса бўлармиди?!
[gallery-15872]
Бундан ташқари, ҳали фойдаланишга топширилганига 5-10 йил бўлмаган айрим кўп қаватли уйларнинг фасад қисми нураб, тўкилиб бормоқда. Балки бунга сабаб сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланилгани, тегишли архитектура талабларига амал қилинмаганидир. Шу ерда яшовчи аҳоли вакилларидан бу ҳақда сўраганимизда биноларнинг ички қисмида ҳам шундай ҳолатлар учрашини айтишди. Бу муаммолар баъзи хусусий қурилиш ташкилотлари томонидан қурилган уй-жойларда учрамоқда.
Шунингдек, Нурафшон шаҳридаги уй-жойларнинг ижара нархлари ошиб бормоқда. Сотувга қўйилган кўп қаватли уй-жойлар таннархи юқорилиги ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.
А.Мусаев, Д.Эрназаров(сурат),
ЎзА мухбирлари