Нурафшонда янги боғ қурилмоқда
Президентимиз жорий йилнинг 16 октябрида Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда Зангиота туманида яшаган, иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан жудо бўлган она, садоқат ва матонат тимсоли – Зулфия Зокирова ҳамда вилоятнинг асл фарзандлари, етук қаҳрамонлари, мустабид тузум даврида қатағонга учраган истиқлол фидойилари номини абадийлаштириш таклифини илгари сурган эди.
Юқоридаги таклиф асосида Тошкент вилояти ҳокимининг фармойишига кўра, Нурафшон шаҳрининг “Нурафшон Бизнес Сити” ҳудудида Зулфия Зокирова ёдгорлик мажмуаси боғини қуришга қарор қилинди. Эълон қилинган тендерда ғолиб бўлган қурилиш корхонаси томонидан айни пайтда лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Парк, ўйин ва пикник майдонлари, амфитеатр, терассали ва ёпиқ турдаги кафелар, фавворалар, ташриф буюрувчилар учун қулай ўриндиқлар ва яшил ҳудудлар, пиёдалар ва велосипедчилар учун қулай йўлаклар, болалар майдончаларидан иборат ушбу йирик мажмуа 2.97 гектар майдонда бунёд этилади. Мазкур лойиҳа учун вилоят маҳаллий бюджетидан керакли маблағ ажратилди.
“Nurafshon Business City” ҳудудида Элбек номидаги Тошкент вилояти кутубхонаси қурилиши учун эса 6 миллиард сўм маблағ ажратилган. Маблағ ёрдамида 1,1 гектар ер майдонида замонавий 3 қаватли кутубхона қурилиши режалаштирилган бўлиб, иншоот функционал зоналар ва компьютер ускуналари билан жиҳозланади. Интернет, ахборот ресурслари ва миллий электрон кутубхонадан фойдаланиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, индивидуал ишлаш ва дам олиш учун коворкинг зоналари, тадбирлар ўтказиш, ижод билан шуғулланиш ҳамда қизиқарли интеллектуал ўйинлар ўтказиш учун махсус хоналар ажратилади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан қурилиши режалаштирилган ушбу иншоотлар вилоят аҳолиси, ёшлари ва меҳмонлари учун нафақат мароқли ҳордиқ чиқариш, балки маънавий-ахлоқий қадриятларни юксалтириш йўлида ҳам муҳим қадам бўлади.
Сратларда қурилиши режалаштирилган масканларнинг лойиҳа шакли акс этган бўлиб махсус комиссия таклифи билан уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
А. Мусаев, ЎзА