Нурафшон манзилларга элтувчи улуғ йўл
“Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!”
Дунёда шундай бир буюк сўз борки, у инсон юрагида илоҳий нур каби доимо ёлқинланиб порлайди, танга қувват, руҳга роҳат, умрга фароғат бағишлайди. Бу Ватан сўзидир. Она битта, Ватан битта бўлади, бу тушунча ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон эскирмайди. Нон доим табаррук бўлганидек, бу сўзлар ҳар қанча айтилса ҳам хеч қачон қиймати камаймайди.
Бугун Истиқлол ўзининг нурли ва жозибали манзараларини ҳаётимизнинг барча жабҳаларида намоён этаётганлигини кўраяпмиз. Бугун юртдошларимиз дунё қадар саодатни, эзгуликни бир-бирларига раво кўриб яшамокдалар. Бугун Ўзбекистон бўйлаб бир улуғвор, бир табаррук сўз фахр, ғурур, шукроналик билан тилга олинмоқда. Бу Мустақиллик калимасидир.
ЎзА мухбири ушбу улуғ айём арафасида ўзбек зиёлиларининг Ватан, Истиқлол ҳақидаги фикрларини ёзиб олди.

Мансур Юнус, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири:
– Мустақил Ўзбекистон Республикасининг ташкил топиши оламшумул тарихий воқеа бўлди, десам янглишмайман. Ўзбек халқининг асрлар давомида Истиқлол учун кураши рўёбга чиқиб, мамлакатда ҳуқуқий, демократик жамият шаклланишига шарт-шароит яратилди. Шу бағрикенг, қоракўз элнинг тарихий, маънавий қадриятлари тикланди.
Сиёсий ва иқтисодий қайта қуришлар амалга оширила бошланди, биринчи навбатда, мустақил давлатнинг ҳуқуқий асослари яратилди.
Фуқаролик жамияти – бу инсоннинг ривожланишига имкон берадиган, унинг ҳуқуқ ва эркинликлирини юксак даражада таъминлайдиган ижтимоий жамиятдир. Бундай жамият қуриш давлат қонунлари ва инсон ҳуқуқларини поймол этмасликни, фуқаролардан қонунларга қатъий риоя қилишни талаб этади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги бир босқичи – Янги Ўзбекистон саҳифасини очиб берди. Бунда мамлакат ҳам иқтисодий, ҳам маънан юксалади. Дунёга бўй чўзади. Оила фаровонлиги ва инсон қадридек олий вазифа ҳамда қадриятлар қадр топади.
Халқ билан мулоқот, одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш, жадид боболар изидан бориш, асрий қадриятларимиз, миллий урф-одатларимиз ва аънаналаримизни асрашдек буюк ишни бугун ҳукуматимиз вакиллари, олиму-шоирларимиз, санъат ва маданият соҳиблари юксак шараф билан адо этаётир.
Қайсики хонадонга бормайлик, у ерда фаровонлик бор, бирдамлик бор, хуррамлигу, шукроналик бор. Бу эса азму шижоати бардавом доно ва бунёдкор халқимизнинг асрлар оша орзулари ушалганидан дарак.
Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами муборак бўлсин, азизлар. Давлатимиз байроғи осмон узра ҳилпирайверсин.

Беруний Алимов, филология фанлари доктори:
– Бундан 33 йил олдин ЎзМУ “Журналистика” факультетининг 1-босқич талабаси эдим. Кечагидек эсимда, у пайтда Тошкентда нафақт ўқиш, балки кун кўришнинг ўзи қийин эди. Энг қиғизи бир томондан ич-ичимдан Ватан мустақиллиги эйфориясини туйсам, иккинчи томондан эса турли ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга дуч келардик. Ҳозирги ёшларга ўхшаб кийиниш уёқда турсин, қорнимизни амаллаб тўйдириш муаммо эди.
Яхшиямки талаба бўлганимиз учун тушликда бир маҳал тўйиб овқатланиш имкониятини берадиган талонимиз бўларди. Ойда бир марта бўлса ҳам ярим кило шакар, ярим литр пахта ёғи ва кир совун олардик.
Бу вазиятдан қутилишнинг ягона йўли ўқишдан кейин бирон жойда ишлаш эди. Курсдошларим билан пойтахтлик ёши улуғ қарияларнинг ҳовлисида иш борлигини билиб қолдик. Камина каби қишлоқдан келган бола учун унчалик мушкул иш эмас: 4 та қўйга ем ва сувини бериш, гул экиладиган иссиқхонага кўмир ташиб уни иситиш, бошқа майда-чуйда ишларга ёрдам бериш, тамом. Бунинг эвазига бепул “квартирант” бўлиб ўтириш, 3 маҳал бепул овқатланиш имконияти бор эди. Биз ўртоқларим билан бажонидил рози бўлдик.
Лекин курсдошларим бир ойдан кейин “иши оғир экан” деб бу ердан чиқиб кетишди. Мен эса кетмасликка қарор қилдим. Сабаби, улардан фарқли ўлароқ, каминанинг орқасидан мунтазам нон ёки пул юбориб турадиган ота-онам йўқ эди. Аслида ишдан ҳеч ким ўлмаган.
Иккинч курс охирида ўз соҳамизга яқинроқ иш топдим. Чорак ўринли мусаҳҳиҳ, таҳририятда оддий югурдак сифатида фаолиятни бошлаб юбордим. Ундан кейин мухбирликка олишди.
Сиз ёлғон, бизга чин. Айнан мустақиллик сабаб биринчилардан бўлиб чет элда ўқиш имкониятига эга бўлдик. Учинчи босқичга ўтканимизда 11 нафар ўзбек журналистлар қатори каминани ҳам Деҳлидаги Ҳиндистон коммуникация институтига ўқишга юборишди. Албатта махсус имтиҳон ва суҳбат орқали саралаб олишганди.
Қайтиб келгач, бошқа бир газетада ишлаш баробарида, қўшимча инглиз тили курсларига қатнадим. Сўнгра телевидениеда таржимон, мухбир, янгиликлар дастури бошловчиси ва кейинроқ шарҳловчи бўлиб ишладим.
Бекитмайман, мустақилликнинг ўткан йиллари давомида турли чақириқлар, муаммоли вазиятлар кам бўлмади. Ҳаммаси бир текисда кетган деб айтиш учун одам ойдан тушган бўлиши керак.
Биласизми, айнан мустақиллик туфайли биринчилар қаторида халқаро журналистикага қадам қўйдим. Дастлаб Буюк Британия, кейин Япония, АҚШ, Россия ва ҳозиргача дунёнинг 40 га яқин давлатларида журналистик фаолият билан шуғулландим.
Устозларим кўмагида халқаро медиа маконда Ўзбекистоннинг медиа имижи мавзуида илмий тадқиқотлар олиб бордик.
Илмий тадқиқотлар ва шахсий кузатувлар натижаси шуни кўрсатадики, 1991 йилларда дунёдаги етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон номи ниҳоятда кам учрар эди. Қайд этилса-да, оддий хабарларда “ёш аграр мамлакат”, “кичик Республика”, “эндигина ривожланаётган давлат” сифатида шунчаки айтилар эди холос.
Мана орадан йиллар ўтиб, дунёдаги энг нуфузли медиа саҳифаларида “Янги Ўзбекистон” атамаси тез-тез кўзга ташлана бошлади. “Саноати ривожланган мамлакат”, “юқори инвестицион салоҳиятга эга”, “сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор ўлка” каби сифатлар хорижий ОАВда алоҳида эътироф этилмоқда.
Бу ўзгаришларнинг барчаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг одилона сиёсати, дунё сиёсий саҳнасидаги обрўйи, харизмаси, билдирган кучли позициялари, БМТ каби энг нуфузли минбарлардан туриб қилган чиқишлари ва олиб бораётган кенг кўламли реал ислоҳотларининг натижаси, деб ўйлайман.
Ватанимизнинг ҳар бир қаричини қадрлашимиз, уни янада мустаҳкамлашга ва тараққий эттиришга ҳисса қўшишимиз керак. Токи биринчи бўлиш машаққати аслида шарафли эканлигини чин дилдан ҳис этиш барча юртдошларимизга насиб этсин.
Ўткир Алимов тайёрлади, ЎзА