Нукусда ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Авлодлар учрашуви” маърифий лойиҳаси доирасида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
“Оқ қуш” мажмуасида ўтказилган навбатдаги тадбирда суд тизимида узоқ йиллар фаолият юритиб, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган суд фахрийлари ёшлар билан учрашди.
Шундан сўнг Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида талаба-ёшлар билан “Ёшлар ва келажак” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди. Шунингдек, Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабида истеъдодли ижодкор ўқувчилар билан учрашув ташкил этилди. Тадбирларнинг асосий мақсади жамиятда инсон қадри ва унинг шаънини энг олий қадрият сифатида мустаҳкамлаш ғоясини тарғиб қилишдан иборат бўлди.
[gallery-29187]
Тадбир иштирокчилари И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейига ҳам ташриф буюрди. Меҳмонлар Қорақалпоғистоннинг бой маданий мероси, тасвирий санъат намуналари ва тарихий экспонатлар билан яқиндан танишди.
Маълумот ўрнида, 1966 йилда Нукус шаҳри марказида ташкил этилган ушбу музей фондида ҳозирги кунда 100 мингга яқин экспонат сақланади. Музей дунёда рус авангарди, шу жумладан Туркистон авангарди намуналари, Қорақалпоғистоннинг декоратив-амалий санъати ва ноёб археологик топилмалар тўплами бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА