Нукусда “Медиа ҳафталик” давом этмоқда
Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида мамлакатимизда йилнинг энг йирик ва муҳим таълимий-амалий лойиҳаси – “Медиа ҳафталик” давом этмоқда. Контент маркази томонидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши ҳамкорликда ташкил этилган тадбирнинг учинчи куни Ахборот хизмати раҳбарлари ва ходимларининг касбий билим даражаларини синаш тести билан бошланди.
Шундан сўнг, Контент маркази мутахассислари мамлакатимиздаги таниқли журналист ва блогерлар томонидан “Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини ёритишнинг муҳим йўналишлари”, “Ахборот соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти”, “Медиахавфсизлик: SI даврида ахборот майдони ҳимояси ҳамда блогерларнинг рақамли гигиенаси”, “Ахборот хизмати фаолият самарадорлигини баҳолаш (KPI) ва очиқлик индекси”, “Коррупцияга қарши курашиш: ахборот хизматларининг роли ва очиқлик механизмлари” ва бошқа долзарб мавзуларда маърузалар тингланиб, тақдимотлар ўтказилди.

– Журналистика доимий чархланиб борувчи касблардан бири деб биламан. Айниқса, бу глобал ахборот замонида янада яққол сезилмоқда. Ушбу даврда фаолият олиб бораётган журналистлар ҳам бугунги замон талабига жавоб бера олиш учун, доимий ўрганиш, ўқиш ва изланишга мажбур. Айни кунларда бўлиб ўтаётган “Медиа ҳафталик” айни шу мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Машғулотлар давомида лавҳаларни ва таҳлилий репортажларни томошабинни зериктирмайдиган тарзда тайёрлаш усуллари аниқ мисоллар билан кўрсатиб берилди, – дейди “SEVIMLI” телеканалининг Қорақалпоғистон Республикаси мухбири Тамара Жуманиязова.

– Ҳафталик машғулотлари юқори даражада ўтказилмоқда. Унда соҳанинг етакчи медиа экспертлари, тажрибали журналистлар томонидан иштирокчиларга мақола, хабар тайёрлаш ва тарқатишнинг замонавий усуллари, рақамли журналистика, медиа-маркетинг, фактчекинг, аудитория билан самарали мулоқот ўрнатиш каби муҳим йўналишлар бўйича амалий билим ва кўникмалар бериб борилмоқда, – дейди Қонликўл тумани “Қонликўл хабарлари” газетаси муҳаррири Гулжамила Аметова.

Машғулотлар якунида фаол иштирок этиб, билимларини оширган тележурналистлар, босма нашрлар, блогерлар ва давлат идоралари матбуот котибларига махсус сертификатлар топширилади. Шунингдек, ҳафталик якунида ҳудуддаги соҳа вакилларини қамраб олувчи йирик Медиа форум ташкил этилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.