Нукусда “Бир миллион дарахт” акцияси ўтказилди
“Юксалиш” ҳаракати томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатга оқилона муносабатда бўлиш ғояларини тарғиб қилиш мақсадида 2019 йилдан буён мамлакатнинг турли ҳудудларида “Бир миллион дарахт” акцияси ўтказиб келинмоқда.
Тадбирнинг мақсади иқлим ўзгариши таъсирига қарши курашиш, одамларни бирлаштириш орқали дарахтларни кўпайтириш ва ўстириш масалаларига эътиборни жалб қилишдир. Ушбу лойиҳа йилига икки октябрь-ноябрь ва март-апрель ойларида ўтказилиши режалаштирилган. Бу йилги акцияда ижтимоий объектларга тегишли ҳудудларга эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази кўмагида Нукус шаҳридаги 1-сонли техникум атрофида дарахт экиш ишлари олиб борилди. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ўтказилган ушбу акция нодавлат нотижорат ташкилотлари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан қўллаб-қувватланди. Унда ушбу ташкилотлар билан бирга техникум жамоаси ва талаба-ёшлар фаол иштирок этди. Жумладан акция доирасида айлант, каталпа, кипарис каби жами 100 дона манзарали дарахт кўчати экилди.

Экилган кўчатларнинг кейинги ўсиб ривожланишини Нукус шаҳридаги 1-сонли техникуми жамоаси ўз жавобгарлигига олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.