Нотариус ҳаракатлари онлайн кузатувда
Бундай шаффоф тизимда қонунбузарлик қилиш имкони борми ёки йўқми? Бу ҳақда Ўзбекистон Нотариуслар палатаси раиси Дилшод Ашуров изоҳ берди.
“Нотариус” ахборот тизими ишга туширилди. Тизимда нотариуснинг барча ҳаракатлари яққол акс этади;
Нотариуслар ҳаракатларини онлайн кузатиш имконияти уларнинг қонундан четга чиқмаслиги кафолати бўлмоқда;
Қайси нотариал ҳаракат учун қанча пул тўлаш аниқ ва бу ҳам назорат қилиб борилади. Демак, нотариус мижоздан бир сўм ҳам ортиқча ундира олмайди;
Нотариал ҳаракатларни онлайн мониторинг қилиш ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатишга имкон беради;
Нотариус ҳузурига бориш учун электрон навбатга ёзиласиз ва белгиланган вақтда қабулга кирасиз. Бу беҳуда навбат кутишдек асаббузарликка чек қўйди...
Бундай рисоладагидек, одамлар кутганидек хизматлар бирор ривожланган давлатдамикин, деган фикрга бордингизми? Демак, анчадан бери нотариусга ишингиз тушмабди. Буларнинг бари ўзимизда, Ўзбекистонда йўлга қўйилди.
Бундан икки-уч йил олдин нотариуслар фаолиятида қонунийликни таъминлаш энг долзарб муаммолардан бири эди. Чунки аҳолининг энг кўп иши тушадиган ва айни вақтда одамлар энг кўп норози бўлган тизим – бу нотариат соҳаси бўлгани сир эмас.
Узундан-узоқ навбатлар, ортиқча пул ундириш, таъмагирлик, бюрократизм, қоғозбозлик каби одамларни қийнайдиган иллатларнинг ҳаммаси нотариал соҳага ҳам тегишли эди...
Жамиятда очиқликни таъминлашга, аҳолига қулайлик яратишга қаратилган ҳаракатлар ниҳоят бу соҳага ҳам кириб борди. Адлия вазирлиги томонидан яратилган “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими соҳани тубдан ўзгартирди.
Ўзбекистонда мингга яқин нотариус фаолият юритаётган бўлса, бугунги кунда уларнинг асосий қисмини хусусий нотариуслар ташкил этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Нотаруслар палатаси бундан бир йил муқаддам хусусий нотариуслар фаолиятини мувофиқлаштириш, соҳани ривожлантириш, аҳолига хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида ташкил этилган.
ЎзА мухбири Нотариуслар палатаси раиси Дилшод Ашуров билан нотариат соҳасидаги ўзгаришлар, келгусидаги режалар ҳақида суҳбатлашди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 2020 йил 1 январдан Ўзбекистонда хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилди.
Тўғри, илгари ҳам юртимизда хусусий нотаруслар фаолият юритган. Лекин улар фаолиятида кўплаб қонунбузарликлар учрагани учун бу фаолиятга барҳам берилган эди.
Эндиликда эса “Нотариус” ахборот тизими, яъни шаффоф тизим яратилгани учун ҳам хусусий нотаруслар фаолияти қайта йўлга қўйилишига имкон яратилди. Чунки аҳолининг энг кўп иши тушадиган нотариуслар сонини кўпайтириш, соҳада рақобат муҳитини яратиш орқали хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш долзарб масалалардан эди.
Президентимизнинг фармони асосида бу масала ечимини топди. Ҳозирги кунда нотариал ҳаракатлар учун тўловларни автоматик тарзда ҳисоблаш ва электрон тўловларни ўтказиш, уларни тасдиқловчи хабарлар юбориш ҳамда идоралараро электрон ахборот алмашиш йўлга қўйилгани тизимда ҳаққоний фаолиятга йўл очди. Нотариал ҳаракатларнинг ахборот тизимида мажбурий қайд этилиши ва ҳужжатга такрорланмайдиган махсус рақам берилиши суиистеъмолчиликларнинг олдини олмоқда.
Бундай муҳим амалий қадамлар натижасида аҳолига нотариал хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланди, соҳада қонунийлик таъминланиши даражаси кескин ошди. Ўз навбатида, аҳолининг ҳам нотаруслардан норозилик кайфияти барҳам топмоқда.
– Нотариуслар палатаси аҳоли манфаатлари учун қандай иш олиб боради? Ўз навбатида, ўз аъзолари бўлган хусусий нотариуслар манфаатини қандай таъминлайди?
– Гарчи палатамиз хусусий нотариусларни бирлаштирувчи тузилма бўлса ҳам, энг аввало, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб иш юритамиз. Хизмат сифатини яхшилаш учун доим изланишдамиз.
Юқорида айтиб ўтилган “Нотариус” электрон базаси Адлия вазирлиги тасарруфида ва у орқали ҳаракатлар қонунийлиги мониторинг қилинади. Бу жараёнда вазирлик ходимлари билан доим алоқада бўлиб, нотариуслар қандай фаолият юритаётганидан бохабар бўлиб борамиз. Қаерда қонундан четга чиқиш ёки бошқа нохуш ҳолат учраса, уларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз.
Бу билан чекланиб қолмай, аҳоли билан фаол мулоқот, ҳамкорлик қиляпмиз. Аҳоли фикрлари асосида камчиликларни бартараф қиляпмиз. Ёрдам сўраган фуқаролар мурожаатларини тезкорлик билан ҳал қилиш чораси кўрилади.
Назорат, талаб каби омиллар кучайгани, нотаруслар билан қонуний фаолият юритиш бўйича доимий мулоқотни йўлга қўйганимиз натижасида сифатли хизмат кўрсатаётган ходимлар сафи кенгаймоқда. Айнан шундай ходимларни рағбатлантириш учун турли танловлар ўтказишни йўлга қўйдик.
Тўғри, ҳали нотариуслар фаолиятидаги барча камчиликлар барҳам топганича йўқ. Айни пайтда 800 дан ориқ хусусий нотариус хизмат кўрсатаётган бўлса, жорий йилда турли хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун 170 нотариус фаолияти тўхтатилди.
Камчиликларни таҳлил қиладиган бўлсак, йўриқномаларга тўлиқ амал қилинмагани, ортиқча ҳужжат талаб қилингани, мулкни расмийлаштиришда қарздорликка эътибор қилинмагани каби ҳолатларга йўл қўйилган.
Фақат бир ҳолатда, яъни Бухорода фаолият юритувчи хусусий нотариус фаолияти ноқонуний равишда тўхтатилгани аниқланди. Кўрилган чора туфайли нотариуснинг лицензияси тикланди.
– Нотариуслар палатасининг келгусидаги режалари қандай?
– Нотариусларнинг сифатли хизмат кўрсатишини таъминлаш мақсадида ҳозирги кунда уларга услубий ёрдам кўрсатиш, фойдаланиш учун қулай бўлган аудиокитоблар тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, илғор хориж тажрибаларини ўрганяпмиз. Фойдали, аҳолига қулайлик яратувчи тартиб-таомилларни ўзимизда жорий этиб бориш ҳам асосий мақсадларимиздан бири.
Шу мақсадда Бутунжаҳон Нотариуслар иттифоқи билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқчимиз. Фаолиятимиз, нотариал соҳасида олиб борилган ишлар бўйича тақдим этилган маълумотларимизни халқаро мутахассислар ижобий баҳолади. Яқин даврда иттифоққа аъзо бўлишимиз кутилмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтмоқчиманки, бизнинг хизматларимизга нафақат мамлакат ичидаги аҳоли, балки хорижда ишлаётган, ўқиётган ватандошларимиз ҳам доим эҳтиёж сезади. Уларга Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари бу хизматни имкон қадар кўрсатиб келмоқда. Биз эса уларга бу борада зарур маслаҳатлар бериб бораяпмиз. Келгусида хориждаги ватандошларимиз учун бепул ҳуқуқий маслаҳатлар беришни йўлга қўямиз.
Дарвоқе, пандемия шароитида ҳам нотриусларимиз карантин қоидаларига риоя қилиб хизмат кўрсатиш билан бирга, бепул маслаҳат бериш амалиётини ҳам олиб бормоқда. Бу бевосита мулоқотларда, ижтимоий тармоқлар орқали кенг амалга ошириляпди.
Келгусидаги муҳим мақсадларимиздан яна бири – нотариал хизмат кўсатиш соҳасидаги меъёрларни янада такомиллаштириб бориш орқали аҳолига ҳам, нотариусларга ҳам қулайлик яратишдир. Яқин вақтда нотариуслар текшириши шарт бўлган коммунал қарздорлик бўйича маълумотномалар бекор қилинади. Чунки бу нафақат нотариусга бораётган одамлар, балки нотариусларни ҳам қийнаб келаётган муаммоли масала ҳисобланади.
Бир сўз билан айтганда, нотариал хизматлар замон талабларига мувофиқлашиб, қонуний асосда, қулай тарзда кўрсатилиши таъминланади.
Норгул Абдураимова, ЎзА