Нотариат тизимига аҳолининг ишончи ортмоқда
Нотариат соҳаси ҳам йилдан йилга ривожланиб ишончли ва замонавий тизимга айланмоқда. Айниқса, тизимда хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилгани унинг янгича шакл ва мазмунда, халқаро талаблар даражасида шаклланишида муҳим аҳамият касб этди.
Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан Zoom платформаси орқали вилоятида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар иштирокида ўқув-семинар ўтказилди. Унда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома беришда эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мулки ҳамда гаров шартномаларини тасдиқлашнинг ўзига хос хусусиятлари ва гаров шартномасига асосан мол-мулкка нисбатан тақиқ қўйиш масалалари муҳокама этилди.

Мутахассислар соҳада очиқлик тўла таъминлангани, адлия вазирлиги мутахассислари билан ҳамкорликда яратилган “E-notarius” ахборот тизими ҳар бир нотариуснинг ҳаракатини онлайн кузатиб бориш имконини бераётганини алоҳида таъкидлашди.

Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекзод Артиқовнинг айтишича, айни пайтда хусусий нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, балки аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳам эътибор қаратмоқда. Бу эса улардан янада кучли билим ва тажрибани талаб этади. Ўтказилган ўқув-семинарида бошқарма мутахассислари томонидан иштирокчиларга соҳадаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Идоралараро электрон ахборот алмашишни янада тезлаштириш чоралари борасида тушунчалар берилди. Нотариат ҳаракатларни амалга оширишда ортиқча оворагарчиликларга, бюрократик тўсиқларга барҳам бериш кераклиги, аҳолининг муаммоларини ўз вақтида жойида ҳал этиш лозимлиги таъкидланди. Қолаверса, олис ва чекка ҳудудларда сайёр хизматлар кўрсатиш борасида керакли тавсиялар айтиб ўтилди.

Қатнашчилар мавзу бўйича ўзаро фикр алмашди.
А.Мусаев,
ЎзА.