Норвегия қироли Харальд V 89 ёшида вафот этди
1991 йилдан буён тахтда ўтирган Норвегия Қироли Харальд V бугун вафот этди. Бу ҳақда сарой маълумотига таяниб "Reuters" хабар берган. BBC нашри қайд этишича, 35 йиллик бошқаруви давомида халқчил, ислоҳотчи сифатида ном қозонган марҳум монархнинг асосий хизмати монархия институтини замон талаби ва янгиланган анъанага мослаштириб такомиллаштиргани билан боғлиқ.
У мамлакат учун энг оғир, синовли дамларда миллатни жипслаштира олган етакчи сифатида ҳам ёдда қолади.
Қирол вафот этгунига қадар бош оила аъзолари Ослодаги университет шифохонасига етиб келган. Аввалроқ сарой 89 ёшли монархнинг аҳволи жуда оғирлашганини эълон қилган эди. Харальд V 24 август куни эритроцитлар тез парчаланиши билан кечадиган камёб хасталик – гемолитик анемияни даволашдан сўнг юзага келган асорат сабаб тиббий муассасага ётқизилган. Муолажа вақтида 53 ёшли валиаҳд шаҳзода регент вазифасини бажариб турди. Эндиликда у Хоқон VII номи билан бевосита Қирол унвонини олади ва отаси ўрнига давлат раҳбари жойини эгаллайди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА