Норвегия Франция “ядровий соябони”га қўшилади
Норвегия Франция билан мамлакатни ядровий тийиб туриш тизимига киритиш бўйича музокара бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Президент Эммануэль Макрон ва Бош вазир Йонас Стёре Париждаги учрашувдан сўнг эълон қилди.
Томонлар имзолаган мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги битим Норвегиянинг Франция “ядровий соябони” жараёнида чуқурроқ иштирок этиши ва Европа стратегик мустақиллигини мустаҳкамлашини назарда тутади.
Бош вазир НАТО ва тузилманинг Қўшма Штатлар билан иттифоқи мамлакат хавфсизлиги асоси бўлиб қолиши, фақат Франциянинг ядровий имконияти қўшимча ҳимоя унсури сифатида кўрилишини таъкидлади. Бинобарин, Осло тинчлик даврида ўз ҳудудида ядровий қурол жойлаштириш режаси йўқлигини ҳам билдирган.
С.Раҳимов, ЎзА