Ноқонуний қурилишларга чек қўйилди
Қонунчиликда ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, ундан хўжасизларча фойдаланиш ва ер ҳисобини юритишдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган. Хусусан, кўп қаватли уйларда яшаш ва фойдаланишнинг ўзига яраша талаблари бор.
Жумладан, квартиралар ички қисми, деворларини ўзбошимчалик билан бузиш ва ўзгартириш, уйларга туташ ҳудудларда қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади. Шу билан бирга, ёнғин хавфсизлиги талабларини, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш талаб этилади. Таассуфки, кейинги пайтларда кўп қаватли уйларда яшовчилар томонидан туташ ҳудудларда ўзига хос иморатлар қуриб олинмоқда.
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида ноқонуний қурилишлар ҳамда ичимлик ва оқова сувдан фойдаланиш бўйича ўрганишлар олиб борилди.

Жумладан, тумандаги мактабларда “Очиқ бюджет” лойиҳаси асосида қурилаётган қўшимча бинолардаги ишлар ўрганилди. Хусусан, 1-умумий ўрта таълим мактаби ҳудудидаги қўшимча 90 ўринли бино ва 15-умумий ўрта таълим мактабидаги қўшимча 180 ўринли бинолардаги қурилиш ишлари кўздан кечирилди. Ўрганиш давомида бу объектларда назорат ишлари суст амалга оширилганлиги, лойиҳадан четга чиқиш ҳолатлари, сифатсиз бажарилган иш турлари аниқланди. Аниқланган камчиликлар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди ва зарур ўринлар буздирилди. Масъулларга қурилиш-монтаж ишларини сифатли ва ўз муддатида амалга ошириш уқтирилди.

Тошлоқ тумани “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини Алишер Навоий кўчасида жойлашган кўп квартирали уйларнинг умумфойдаланиш ҳудудига бир неча фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилишлар амалга оширилгани аниқланди.
Туманнинг Янги йўл маҳалласи ҳудудида фуқаро Р.Юлдашев томонидан эса икки қаватли иншоот қурилиш ишларини ҳудудий инспекциядан рўйхатдан ўтмасдан бошлаб юборилган.
Мазкур ҳолатлар бўйича фуқароларга 15 кунлик муддатда ушбу қурилмаларни ихтиёрий равишда бартараф этиш тўғрисида мажбурий кўрсатмалар берилиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Бундан ташқари, “Садда” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Х.Қодировнинг “Фарғона сув таъминоти” АЖ туман бўлимига қарашли оқова сув тармоғига рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ўзбошимчалик билан уланиб олганлиги аниқланди.
Фуқаро А.Отабоевга қарашли автомобилларни ювиш шохобчасида эса қўлбола қудуқ (качалка)дан фойдаланилаётгани, автомобилларни ювишдан ҳосил бўладиган чиқинди сув оқова сув тармоғига ташланаётгани, лекин ўрнатилган сув ҳисоблагич ускунасининг муҳри бузилганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этишга тайёрланмоқда.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 44-умумий ўрта таълим мактабида ичимлик сувидан сув ўлчаш ускунасисиз фойдаланилаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 163-моддаси 1-қисми билан маъмурий жарималар расмийлаштирилди.
М.Сулаймонов, ЎзА