Ноқонуний пойга учун маъмурий жавобгарлик белгиланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими ҳамда интеллектуал мулк объектларининг фуқаролик муомаласидаги айланмаси оширилиши ва патент вакилларининг ҳуқуқлари кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг медиация натижасида эришилган халқаро келишув битимлари тўғрисидаги конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисидаги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Айниқса, йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Лойиҳага кўра, вояга етмаган шахсга транспортни бошқаришга топшириш, ноқонуний пойга ташкил этиш ва бевосита иштирокчи сифатида қатнашиш, шунингдек, юк машиналарининг тунги вақтда йўл четида ҳаракат иштирокчиларига хавф туғдирадиган ҳолатда тўхтаб туриши ёки ташлаб кетилиши, транспорт воситасини бошқаришда белгиланган тезликни 80 км/соатдан ортиқ юқори тезликда ошириш каби қоидабузарликлар учун алоҳида маъмурий жавобгарлик кўзда тутилмоқда.
[gallery-30691]
Фракция аъзолари кўзда тутилаётган ушбу янги нормаларни амалиётга татбиқ этишдан аввал хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилгани, йўлларда пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг эркин ҳамда қулай ҳаракатланишлари учун хавфсиз ҳаракат тизимини янада такомиллаштириш, олис ва чекка ҳудудларда ҳам светофорларнинг узлуксиз ва аниқ ишлашини таъминлаш, йўл белгилари ҳамда тезликни ўлчовчи техник мосламаларни аввалдан огоҳлантирувчи ҳудудларга ўрнатиш лозимлиги борасида мурожаат қилдилар.
Шунингдек, йиғилишда “Интеллектуал мулк объектларининг фуқаролик муомаласидаги айланмаси оширилиши ва патент вакилларининг ҳуқуқлари кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
— Бугунги кунда бутун дунёда интеллектул мулкни ҳимоя қилиш масаласига катта эътбор қаратиляпти, — деди фракция аъзоси Одилжон Иминов. — Чунки ҳар бир инновацион ишланманинг бошида интеллектул мулкнинг қай даражада ҳимоялангани турипти. Мазкур қонун лойиҳаси билан маълум бир шахснинг патентга эга бўлиши ва ўзи яратган инновацион ишланмасини, мулкини ўзиники қилиб олиши, патент орқали шу шахсга тегишли эканини белгилаб қўйиш назарда тутилмоқда. Бу патент эгаларининг ҳуқуқлари, интеллектуал мулк объектлари ҳимоясини янада кучайтиради.
Йиғилишда шунингдек, фракция аъзоларининг ҳудудлардаги фаолияти муҳокама қилинди. Сайловчилар билан ташкил этилган очиқ мулоқотлар, ижтимоий соҳа объектларини ўрганиш натижалари, учрашувларда фуқаролар томонидан кўтарилган муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган амалий таклифлар кўриб чиқилди.
Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА