Ноқонуний муомалага чиқарилиши режалаштирилган 2 880 литр этил спирти йўқ қилинди
Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд ҳужжатлари ижросини сўзсиз таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида яна бир муҳим ижро ҳаракати амалга оширилди.
Суд ҳукми билан аниқланишича, судланувчилар ўзаро тил бириктириб, 96 фоизли этил спиртини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш мақсадида 144 дона 20 литрлик идишларда сақланган жами 2 880 литр спиртни ҳар бир литрини 50 000 сўмдан, умумий қиймати 13 600 АҚШ долларига сотишга уринган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Суд томонидан айбдор деб топилган шахсларга БҲМнинг 200 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд ҳукмига асосан ашёвий далил сифатида сақланган 2 880 литр 96 фоизли этил спирти Мажбурий ижро бюроси Поп туман бўлими давлат ижрочилари томонидан белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Мажбурий ижро бюроси томонидан суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлаш, ноқонуний маҳсулотларни муомаладан чиқариш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
ЎзА