Ноқонуний ер савдоси олди олинди
Ер – давлат мулки. Ундан фойдаланиш, хусусийлаштиришнинг ўзига яраша тартиб-таомиллари бор. Ҳеч бир шахс, у раҳбарми ёки оддий фуқароми, ер олиб бериш ёки сотиш ваколатига эга эмас.
Фирибгарлик ёки алдов билан бошқаларнинг ишончига кириб, бундай ишга қўл уришнинг оқибати эса яхшиликка олиб бормайди. Каттақўрғон тумани Навбаҳор маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Ҳ. ҳам энди бу ҳақиқатни англаб етган бўлса, ажабмас. У фуқаро Ш.Ж.га ҳеч қандай ҳужжатсиз ва ҳеч кимга тегишли бўлмаган 1 гектар ер майдонини 150 минг АҚШ долларига сотмоқчи эканлиги ва ушбу ер майдонининг тегишли ҳужжатларини 9 минг АҚШ доллари эвазига Давлат кадастрлар палатаси Каттақўрғон тумани филиалида ишловчи таниши орқали расмийлаштириб беришини айтиб, бу “хизматлари" 159 минг АҚШ долларига тушишини маълум қилади.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Ш.Ҳ. фуқаро Ш.Ж.дан олдиндан келишилган 159 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олиниб, тегишли тартибда расмийлаштирилди. Шундай ҳолат Пахтачи туманида ҳам кузатилиб, фуқаро Ж.Р. онаси О.Р. фойдаланувида бўлган, фермер хўжалигига қарашли қарийб 10 гектар ер майдонини маҳаллий фуқаро А.Т.га 900 миллион сўмга сотишга келишиб, олдиндан 13 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.Р. келишилган пулнинг 13 минг АҚШ долларини олдиндан олаётган вақтида ушланди.
Иккала ҳолат юзасидан айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА