Ноқонуний цех фаолиятига чек қўйилди
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркор сифатида қонуний иш олиб бориш учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган.
Ана шу имкониятдан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланиб, қатор ютуқларга эришаётган юртдошларимиз талайгина. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзи бир кишилар фақат ўз манфаатини кўзлаб, амалдаги қонун талабларини бузаётганлиги ачинарлидир.
Иброҳим Асроров 1986 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Ўтган йили у рўзғор тебратиш мақсадида Хитой давлатида ишлаб чиқарилган мойжувоз дастгоҳини сотиб олди. Бироқ дастгоҳни ўрнатиш, ундан қонуний фойдаланиш билан боғлиқ тартиб-тамойилларнинг бирортасига амал қилмади. Уч фазали электр токига ҳам ҳеч кимдан сўрамай, электр тармоғи корхонасининг рухсатисиз уланиб олди. Ана шу тариқа унинг қўштирноқ ичидаги фаолияти бошланиб кетди. Кунжара ишлаб чиқариб, Пахтаобод туманидаги бозорда сотиб юрди. Ўзи ишлаб чиқарган пахта ёғини эса, Андижон шаҳридаги “Жаҳон бозори”да сотишни йўлга қўйди.
Агарда, унинг фаолиятига ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз вақтида барҳам бермаганида, бугун у ўз билганича иш тутаётган, қанча инсонларнинг соғлигини ўзи ишлаб чиқарган истеъмолга яроқсиз маҳсулот билан хавф остига қўяётган бўлиши мумкин эди.
– Қонун ҳимоячилари унинг хонадонидаги яширин цехни фош этди, – дейди Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари Акмалжон Исақов. – Афсуски, у тадбиркорлик борасида олиб бораётган фаолияти бўйича зарур бирорта расмий ҳужжат кўрсата олмади. Кунжара, пахта ёғи, турли буюмлар эса воқеа жойидан ашёвий далил тариқасида мусодара қилинди.
Юқоридаги ҳолат албатта, ноқонуний иш юритаётган тадбиркорнинг қонун олдида жавоб беришига олиб келди. Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида бўлиб ўтган мажлисда ушбу масала атрофлича кўриб чиқилди.
И. Асроров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли модда ва бандларига кўра айбдор, деб топилди. Иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан у бир йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди.
Таъкидланганидек, бугун қонуний иш юритаман деган одамга зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Бироқ, И. Асроров каби ўзбошимчалик билан, ноқонуний ишга қўл урган кишилар албатта, жазога тортилади.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА