Нонимиз бутун бўлади
Халқимизда “Ҳамал кирди – амал кирди”, деган нақл бор.
Эл бошига иш тушганда
Халқимизда “Ҳамал кирди – амал кирди”, деган нақл бор. Бу йилги баҳор юртимизга эртароқ ташриф буюрди. Ўтган йили кузда экилган ғаллалар ҳам далаларни тезда кўм-кўк майсазорга айлантирди.
Айни кунларда бутун дунёга хавф солиб турган коронавирус касаллигининг мамлакатимизда тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида карантин ҳолати эълон қилинган. Бироқ бу дегани “Уйингизда кўрпа-ёстиқ қилиб ётинг!” дегани эмас. Айниқса деҳқон, фермерлар ва томорқа ер эгалари барча хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда зарурий ишларини амалга оширишлари керак. Чунки, халқимизнинг дастурхони бизнинг меҳнатимиз билан тўлади. Уларни ризқу-рўз билан таъминлаш бизга боғлиқ. Демак, ғалла майдонларини озиқлантириш, парваришдаги агротехника тадбирларини кечиктирмасдан амалга ошириш тақозо этилади.
Фаровонлик ва тўкинликнинг асосий омили дон билан мезонланадиган мамлакатимизда ғалла ишлаб чиқаришга жиддий эътибор қаратилган. Чунки юртимиз энг кўп нон ва нон маҳсулотлари истеъмол қилинадиган ҳудудлардан саналади.
Давлатимиз раҳбарининг ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этишга қаратилган қарорига асосан, 2020 йил ҳосилидан бошлаб давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинадиган бўлди.
2021 йилдан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади, давлат хариди тўлиқ бекор қилинади ҳамда етиштирилган ғалла барча истеъмолчиларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан тўғри шартномалар асосида эркин нархларда сотилади. Соҳадаги бундай ислоҳотлар ғаллакор фермер хўжаликларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.
Биз ҳам Президентимиз қароридан руҳланиб, баҳорнинг эрта келишини инобатга олиб, ғалла парваришининг самарали усулларидан унумли фойдаланиш чораларини кўрмоқдамиз.
Қиш ойларида буғдой 40-45 кун давомида тиним даврида бўлади. Бу йил қиш фаслининг нисбатан илиқ келганлиги сабабли бу давр 10-15 кун давом этди. Буғдойларнинг ўсиш даври кўп давом этганлиги сабабли жуда кўп ўғит талаб қилмоқда. Шу сабабдан ўтган йилга нисбатан жорий йилда бир тонна минерал ўғит сепиш лозим бўлган майдонга 300 килограмм ортиқча бериш лозим бўлмоқда. Бироқ бу йилги ғалла бошқа йилларга нисбатан баравж ривожланмоқда. Дала ичига кириб буғдой тупланишини санайдиган бўлсак, 28 тупдан то 40 тупгача етади.
Тажрибали деҳқонларимиз йилбоши баҳорнинг келиши билан экин парваришини қандай олиб бориш лозимлигини яхши билади. Чунки кўкламнинг ҳар бир куни ғанимат. Айниқса, ғалла майсаларининг туклаш ҳамда ундан кейинги вегетация даврида баргдан озиқлантириш юқори самара беради.
Биз ҳам “Хоразмагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг Боғот тумани филиалининг кўмагида минерал ўғит сепкич ҳамда баргдан озиқлантириш техникалари ёрдамида озиқлантириш ишларини олиб бормоқдамиз. Биз боғотлик фермерлар жорий йил Боғот тумани бўйича 3 минг 340 гектар ғалла майдонларидан 8 минг 555 тонналик ҳосил олишни режалаштирганмиз. Шуни 835 тоннаси уруғлик ғалла бўлади.
Ишонтириб айта оламанки, бутун дунёда эпидемиологик вазият юзага келган бир даврда фермер ва деҳқонларимиз барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда кўзланган ҳосилни етиштириш мақсадида озиқлантириш ва шарбат билан суғориш тадбирларини кечиктирмасдан ўз вақтида амалга оширмоқда. Давлатимиз ва халқимизнинг ишончини оқлаш учун тинимсиз меҳнат қилмоқда.
Дилшод Искандаров,
Боғот туманидаги
“Дилшод” фермер хўжалиги раҳбари