Номзодларнинг ишончли вакиллари қандай ваколатларга эга?
Сайлов жараёнларида номзоднинг ғалаба қозонишида ишончли вакилларнинг ўрни ва роли ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Негаки, номзод номидан унинг дастури, сайловолди платформасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда вакил муҳим ўрин тутади. Номзод ҳам сайловолди ташвиқотлари даврида барча сайловчилар билан учрашиш имкониятига эга бўлмаслиги мумкин. Шу маънода ҳам ёрдамчи бўлган ишончли вакиллар уларнинг ташвиқотида асқатади, десак, янглишмаган бўламиз.
Демак, ишончли вакиллар ҳар томонлама юқори билим, амалий тажриба ва ҳаётий кўникмаларга эга бўлиши, кенг жамоатчилик орасида обрў-эътибор ҳамда шу йўналишда етарли тажриба орттиргани муҳим саналади. Сайлов кодексига кўра, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод ўн нафарга қадар, вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафарга қадар, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.
Таъкидлаш лозимки, ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалаш мақсади уларнинг олдида турган энг муҳим вазифаси ҳисобланади. Қайд этиш лозимки, “Ҳудудий сайлов комиссияси тўғрисида”ги низом талабларига мувофиқ, ҳудудий сайлов комиссияси Қонунчилик палатаси депутатлигига ҳамда халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ва уларга тегишли гувоҳномалар беради.
Хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Беларусь Парламенти Вакиллар палатаси депутатлигига қўйилган номзодларга 15 нафаргача, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутатлигига қўйилган номзодларга 10 нафаргача, Қозоғистон Парламенти Мажлиси депутатлигига қўйилган номзодларга тегишли сайлов округига бириктирилган ҳар бир сайлов участкаси бўйича 3 нафаргача ишончли вакил олиш ҳуқуқи кафолатланган. Таҳлилий маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2019 йил вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловларда МСК хабарига кўра, 9 345 нафар ишончли вакилга мандат берилган.
Қайд этиш лозимки, 2019 йил вакиллик органларига бўлиб ўтган сайлов якунларига кўра, сайловолди ташвиқоти даврида барча сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари учун сайловчилар билан учрашувлар, митинглар, баҳслар, дебатлар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, ОАВда чиқишлар, плакатлар, роликлар, баннерларни жойлаштириш учун тенг имкониятлар яратилган. Қолаверса, сиёсий партияларнинг маълумотига кўра, депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан сайловчилар билан жами 42 мингдан ортиқ учрашув ўтказилган.
Ишончли вакил кафолатлари!
Ишончли вакил исталган вақтда ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли. Алоҳида таъкидлаш лозимки, ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас. Эътиборли жиҳати, ишончли вакилларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасидаги сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади. Ишончли вакилга унинг аризасига биноан сайловолди ташвиқоти ўтказиш даврида иш ҳақи сақлаб қолинмаган ҳолда таътил берилиши мумкин.
Ишончли вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига нималар киради?
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган, “Номзодларнинг ишончли вакиллари тўғрисида”ги низом талабларидан келиб чиқиб, депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларига тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгилаб қўйилган.
Номзодларнинг ишончли вакили биринчидан, номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради. Иккинчидан, номзод сайланиши учун ташвиқот олиб боради. Учинчидан, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди. Тўртинчидан, ишончли вакил бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.
Ишончли вакилга сайловолди ташвиқоти даврида қуйидаги мажбуриятлар юклатилади: биринчидан, ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш, иккинчидан, нотўғри ахборотни, шунингдек, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш, учинчидан, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш, шу жумладан, ахборот тармоқларига, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади.
Ишончли вакил томонидан сайловга бир кун қолганида ва сайлов кунида ташвиқот олиб бориш тақиқланади.
Мисол тариқасида, Сайлов кодексининг 44-моддасига зид равишда ташвиқотни сайловчиларга имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш билан қўшиб олиб боргани аниқланса, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик кодексида белгиланган тегишли жавобгарликка тортишга асос бўлади. Шуни ҳам қайд этиш лозимки, сайлов жараёнларида ишончли вакиллар сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловолди ташвиқотларида ишончли вакилларнинг ўрни ва ролини ошириб бориш муҳим масалалардан бири бўлиб қолаверади.
Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ, мустақил эксперт