Номзодлар билан учрашувлар давом этмоқда
Мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, халқ фаровонлигига эришиш, давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда сайловлар фундаментал аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси узоқ йиллик тажрибага эга бўлиб, юртимизда ўтказилган барча сайловларда муваффақиятли иштирок этиб келган. Кучли жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлашдек умуминсоний ғояларга таянга мазкур партиянинг ғоялари ҳар доим долзарбдир.
Янгийўл шаҳар Тиббиёт коллежида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент вилояти фаоллари, бошланғич партия ташкилотлари, волонтёрлик гуруҳлари партиянинг номзодлари билан учрашуви ташкил этилди.

Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда партиянинг Сайловолди дастуридаги энг муҳим йўналиш, халқ манфаатлари нуқтаи-назаридан ишлаб чиқилган ғоя ва таклифлар йиғилганларга тушунтирилди. Дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишга қаратилган 15 қадамни ўзида мужассам этган 100 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Табиийки, партия бош мақсадидан келиб чиққан ҳолда доимгидек, ижтимоий йўналишга, соҳалардаги муаммолар ечимига асосий урғуни берган. Масалан, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхатини кенгайтириш, шу орқали доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чоралари кўриш ҳақидаги ташаббуслар инсонийлик тамойилларига тўла мос келади.

Шунингдек, мулоқотда партия аҳолининг қайси ҳудудда яшашидан қатъий назар давлат томонидан кафолатланган тиббий хизмат олиши, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш орқали соҳада шаффофликни таъминлаш тарафдори экани таъкидланди. Тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантириш борасидаги таклифлар кўпчиликка манзур бўлди.
Учрашувда сайловчилар ҳам фаол иштирок этиб ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Шу билан бирга, Зангиота туманидада Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 48-сайлов округидан номзод Насиба Кулбекованинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқотда партиянинг сайловолди дастури ҳамда номзод ҳақида батафсил маълумот берилди. Номзод Н.Кулбекова ўз нутқида аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш ҳамда қурилиш соҳасида самарали назоратни олиб бориш, давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида атрофлича ахборот берди. Ҳар бир шахснинг Конституция билан кафолатланган ижтимоий ҳуқуқларини адолатли ва самарали амалга оширилишини таъминлаш каби йўналишлар сайловчиларга таништирди.
А.Мусаев, ЎзА.