Ногиронликни баҳолашнинг янги тартиби ўрганилди
Ногиронликни белгилаш жараёнида инсоннинг саломатлик ҳолати билан бир қаторда, кундалик ҳаётдаги функционал имкониятларини ҳам холис ва ҳар томонлама баҳолаш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада халқаро тажриба ва замонавий ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш мутахассислардан янги билим ва кўникмаларни талаб этади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан туман ва шаҳарлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг ногиронлиги бўлган шахслар функционаллигини баҳолаш шўъбаси мутахассислари иштирокида ўқув семинари ташкил этилди.
Унда ногиронликни белгилаш ҳамда шахсларнинг функционал имкониятларини баҳолашда қўлланиладиган замонавий ёндашувлар ва янги методлар атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган WHODAS халқаро баҳолаш воситасини қўллаш тартиби, унинг мезонлари ва амалий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, баҳолаш жараёнида халқаро стандарт ва мезонлардан самарали фойдаланиш, уларни амалиётга тўғри татбиқ этиш, фуқароларнинг функционал имкониятларини холис ва ҳар томонлама баҳолаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув машғулотлари давомида мутахассисларнинг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, янги баҳолаш методларини иш жараёнида тўғри қўллаш бўйича зарур тавсиялар берилди.

– Бу каби семинарлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг имкониятларини холис баҳолаш ҳамда ижтимоий ҳимоя хизматлари сифатини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бош мутахассиси Исломбек Нодиров. – Мазкур семинар соҳа мутахассисларининг касбий салоҳиятини ошириш, ногиронликни белгилашда халқаро тажрибани кенг жорий этиш ҳамда баҳолаш тизими самарадорлигини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Мусаев, ЎзА