Нодирбек Ёқуббоев ғолиблик шоҳсупасида
Пойтахтимизда 14 кун мобайнида шахмат ишқибозларига бир олам завқ бағишлаган «Uzchess Cup-2024» турнирининг “Masters” гуруҳидаги муросасиз баҳслар якунига кўра, ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев ғолиблик шоҳсупасидан жой олди.
Мукофот жамғармаси 166 минг АҚШ долларини ташкил этган мусобақанинг “Masters” гуруҳи охирги турида ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев хитойлик Ю Янг Йи билан куч синашди.

Ҳамюртимизнинг ҳужумкорлигида ўтган баҳснинг 105-юриш ҳолатида томонлар муроса йўлини танлашди. Бу эса Ёқуббоевни 5,5 очко эвазига қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига 1-ўринни эгаллашини таъминлади.
Нодирбек Ёқуббоев сингари 5,5 очкога эга бўлган Нодирбек Абдусатторов 2-ўриндан жой олди. 3-ўрин 5 очкога эга хитойлик Ю Янг Йига тегишли бўлди.
Мусобақа низомига мувофиқ, Нодирбек Ёқуббоев умумий соврин жамғармасининг 25 минг АҚШ долларига эга бўлди. Абдусатторов 20 минг, 3-поғонадан жой олган Ю Янг Йи 15 минг АҚШ доллари соҳиби бўлди.

“Uzchess Cup-2024” турнирининг “Masters” гуруҳида иштирок этган истеъдодли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров 4,5 очко билан турнирни 5-ўринда якунлади.
“Futures” гуруҳидаги мусобақаларнинг 9-турида ҳамюртимиз Муҳаммадзоҳид Суяров қора доналарда яна бир маҳоратли шахматчимиз Саидакбар Сайдалиевга ютқазиб қўйди. Швециялик Виталий Сивук эронлик Данешвар Бардияни мағлуб этиб, гуруҳда ғолиб бўлди.
“Futures” гуруҳида иккинчи ва учинчи ўринлар 5,5 очко жамғарган мамлакатимиз вакиллари Саидакбар Сайдалиев ва Муҳаммадзоҳид Суяровга насиб этди.
Т.Рўзиев, ЎзА