“Нодирабегим” боғи янгича қиёфа касб этмоқда
Бир пайтлар Андижон шаҳрининг энг гавжум, хушманзара ва обод масканларидан бири бўлган “Нодирабегим” боғи кейинги йилларда қаровсиз бўлиб қолган эди. Вилоят ҳокими ташаббуси билан жорий йил бошида мазкур боғда қурилиш, бунёдкорлик ишлари бошланди.
Ўтган бир неча ой давомида Университет кўчасида жойлашган “Нодирабегим” маданият ва истироҳат боғида улкан бунёдкорлик, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, боғ ҳудуди таниб бўлмас даражада ўзгарди. 16,5 гектардан зиёд майдондаги боғ ҳудудида аҳолининг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун замонавий кўринишдаги дам олиш иншоотлари, хусусан, чўмилиш ҳавзаси, югуриш майдончаси, савдо дўконлари, музқаймоқ ва салқин ичимликлар сотиладиган масканлар, суҳбатгоҳлар, болалар ўйин майдончалари барпо этилди. Хитой давлатидан турли аттракционлар олиб келиб ўрнатилди.
[gallery-9393]
Бундан ташқари, боғ ҳудудидаги кўл сувга тўлдирилмоқда. Бу ерда нафақат чўмилиш жойлари ташкил этилади, қайиқлар қўйилиб, аҳолининг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун зарур шароитлар яратилади. Айни кунларда қизғин давом этаётган қурилиш, таъмирлаш ишларининг сифатли амалга оширилиши учун мутахассислар, зарур техника воситалари жалб этилган.
Янгича қиёфа касб этаётган “Нодирабегим” боғида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари якунлангач, бу ер Андижоннинг энг гавжум дам олиш масканларидан бирига айланади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА