ННТлар фаолияти сарҳисоб қилинди
Андижонда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси мутасаддилари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ассоциация аъзолари, давлат бошқарув органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахоновнинг маърузаси тингланди.

– Айни пайтда вилоятда сиёсий партиялар соҳасида 86 та, спорт соҳасида 81 та, ёшлар соҳасида 71 та ҳамда ногиронлар билан ишлаш йўналишида 59 та, бошқа соҳаларда 5 та ННТ фаолият юритмоқда, – дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ф.Отахонов.
– Ташкилий-ҳуқуқий шаклига кўра, ННТларнинг 467 таси жамоат бирлашмаси, 29 таси жамоат фонди, 45 та муассаса, 17 та уюшма ҳисобланади. Уларнинг барчаси ўз низомлари, амалдаги қонун ва тартиб-тамойиллар асосида фаолият юритмоқда. Ҳудудий бўлинма томонидан кўплаб семинар, давра суҳбати, учрашувлар, мониторинг тадқиқотлари ўтказилмоқда.
Фуқароларга ННТлар низомини ишлаб чиқиш, рўйхатдан ўтказиш, фаолият олиб бораётган ННТларга услубий ёрдамлар кўрсатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танловларида иштирок этиш, амалга оширилган лойиҳалар ҳисоботларини тайёрлашга кўмаклашилаётир.

Конференцияда сўз олган Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси Абдулҳамид Нурматов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тўлқинжон Каримов, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Баҳтиёржон Машарипов, Андижон машинасозлик институти «Талаба спорт клуби» ННТ раҳбари Ҳабибахон Жўрабекова ва бошқалар ҳудудий бўлинманинг ҳисобот давридаги фаолиятини ижобий баҳолаб, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтди.
Конференцияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳисобот-сайлов конференциясига делегатлар сайланди.
Якунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танловларида ғолибликни қўлга киритган ННТлар ва ОАВларига сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА