“НКМК олтин овози” қўшиқлар танлови ғолиблари тақдирланди
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида Навоий кон-металлургия комбинати маъмурияти ва касаба уюшмаси кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб комбинатда ёш ишчи-ходимларнинг истеъдоди ва ижодий салоҳиятини намоён этишга қаратилган “НКМК олтин овози” қўшиқлар танлови ўтказилди.
Танловда Марказий, Шимолий ва Жанубий кон бошқармалари, Навоий машинасозлик заводи, Зарафшон қурилиш бошқармаси, Ахборот-коммуникация технологиялари бошқармаси, Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси, Марказий моддий-техника базасидан 17 нафар ёш ишчи-ходим иштирок этди.
Иштирокчилар жонли ижрода қўшиқлар ижро этиб, ўзларининг вокал маҳорати ва саҳна қобилиятларини намойиш этишди.


Якуний натижаларга кўра, Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводи электр жиҳозларни таъмирлаш электромонтёри Мақсат Элжанов 1-ўринни, “Довғизтов” кони инспектори Нодирбек Туев 2-ўринни, Навоий машинасозлик заводи Механика-йиғув цехи фрезерловчиси Собиржон Козимов эса 3-ўринни қўлга киритди.

Танловнинг якуний қисмида гала концерт ўтказилиб, ғолиблар ва фаол иштирокчилар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири