Никоҳ шартномаси – мулк ҳуқуқи кафолати
Халқимизда «Ҳисобли дўст айрилмас», деган пурмаъно ҳикмат бор. Бу мақолни эр-хотинга ҳам татбиқ этилса, турмуш барқарор бўлиши мумкин. Чунки кўп ҳолларда оилада буюм, мулк бўйича ҳам келишмовчиликлар бўлиб туради.
Оила қурувчилар ўртасида тузиладиган никоҳ шартномаси эса эр-хотиннинг мулкий ҳуқуқлари кафолати бўлиб хизмат қилади.
Оила кодексининг «Эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби» деб номланган бобида «Никоҳ шартномаси» тушунчаси ҳам бор.
Унга кўра, никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр-хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр-хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси, деб ҳисобланади. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланади.
Никоҳ шартномаси ривожланган хорижий давлатларда никоҳни қайд этишнинг узвий давомига айланган.
Ҳар жиҳатдан ривожланаётган, эр ҳам, аёл ҳам тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва бошқа катта лойиҳалар устида ишлаётган жамиятда эса бу ҳуқуқий ҳужжатнинг аҳамиятини тушунтириш зарурати бор. Шундан келиб чиқиб мамлакатимизда «Никоҳ шартномаси – мулк ҳуқуқи кафолати» шиори остида акция ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги иштирокида ташкил этилган мазкур тадбир 16-17 август кунлари юртимизнинг ўнта ҳудудида бўлиб ўтади.
Тадбир Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти билан қўллаб-қувватланган.
Нотариал палата матбуот хизматидан маълум қилишларича, акция Фарғона шаҳридаги «Бахт уйи»да ўз тадбирларини бошлади. Дастлабки дақиқалариданоқ шаҳар аҳолиси тадбирга катта қизиқиш билдирган. Фуқаролар, айниқса, ёш келин-куёвлардан мутахассисларга кўплаб саволлар тушмоқда. Уларнинг саволларига Ўзбекистон Нотариал палатаси ходимлари ҳамда нотариуслар жавоб бермоқда.
Тадбир давомида ҳамкор ташкилотлар масъул ходимлари билан биргаликда никоҳ шартномасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
«Никоҳ шартномаси - мулк ҳуқуқи кафолати» шиори остида ижтимоий акция Қарши шаҳридаги Ислом Каримов номли кўчада жойлашган нотариал идора биносида кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда.
Нотариал идорага ташриф буюрувчилар учун махсус «Маслаҳат бурчаги» тайёрланган. Нотариусга никоҳ шартномаси тузиш учун ташриф буюрган икки жуфтликка шартнома тузилиб, тасдиқлаб берилган.
Акция давом этмоқда. Никоҳ шартномаси бўйича сизда саволлар бўлса Ўзбекистон Нотариал палатасига ҳамда яшаш жойингизга яқин нотариал идораларга мурожаат қилинг.
Н.Абдураимова, ЎзА