Нигерияда ҳарбий базага ҳужум қилинди
Нигерия шимоли-шарқида жойлашган Борно штатида “Боко Ҳарам” террор гуруҳи томонидан навбатдаги қонли хуруж амалга оширилди. Жангарилар Гузамала ҳудудидаги ҳарбий базага тўсатдан бостириб кириб, шафқатсиз ўт очган. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабарларига таяниб “Anadolu” ахборот агентлиги хабар берди.
Сўнгги маълумотга кўра, ҳужум оқибатида 10 аскар, 4 нафар аҳоли вакили ҳалок бўлган, бир неча одам оғир жароҳатланган. 2000-йиллар бошидан буён фуқаролар ва куч тузилмаларига даҳшат солиб келаётган мазкур гуруҳ ўн минглаб бегуноҳ инсон умрига завол бўлди.
2015 йилдан бу таҳдид қўшни Камерун, Чад, Нигер каби давлатларга ҳам ёйилиб, биргина Чад кўли ҳавзасида 2 000 дан кўп одамнинг ёстиғини қуритди. Мунтазам тус олган ваҳшийлик ва қуролли тўқнашув туфайли бугунги кунга келиб юз минглаб маҳаллий аҳоли уйини ташлаб қочишга мажбур бўлмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА