“Нефтчи” яққол пешқадам, амалдаги чемпион эса...
Хабарингиз бор, ўтган ҳафтанинг сўнгги кунлари Ўзбекистон Суперлигаси баҳсларининг 3-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Мазкур турдан сўнг чемпионатда тўпурарлар рўйхати ва мусобақа жадвали ўз ўрнига тушиб олди. Шунингдек, 3-турда бир қатор кутилган ва кутилмаган натижалар қайд этилди. Жумладан, “Пахтакор” кутилмаганда “Локомотив”га йирик ҳисобда мағлуб бўлган бўлса, “Навбаҳор” кетма-кет икки беллашувда очко йўқотди. “Нефтчи” эса учинчи ғалабасини қўлга киритди.
Суперлига 3-туридан ўрин олган сўнгги икки учрашув ҳам шиддатли баҳсларга бой ўтди. Унда “ОКМК” – “Динамо”ни 3:1 ҳисобида енгган бўлса, “Бунёдкор” – “Навбаҳор” билан 2:2 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Бу дуранг “Бунёдкор” учун ягона очко келтирди.

Шу тариқа, мазкур турдан сўнг мусобақа тўпурарлари рўйхати ҳам шаклланди. Жумладан, “Навбаҳор” ҳужумчиси Тома Табатадзе 5 та гол билан тўпурарлар жадвалини бошқариб бормоқда. Сардор Раҳмонов, Дамян Краишник, Драган Черан, Дилшод Комилов, Эфионг, Георге Кухинадзе, Миржаҳон Мираҳмадов, Акаки Шулая ва Жоэль Кожо каби футболчилар иккитадан гол уришга муяссар бўлган.

Суперлиганинг 3-тури якунига кўра, “Нефтчи” 9 очко билан карвонбошилик қилаётган бўлса, “Андижон”, “Локомотив” ва “Насаф” 7 очко жамғарган ҳолда кейинги поғоналарда бормоқда. “Қизилқум” клуби 6 очко билан 5-ўриндан жой олган. “ОКМК” ва “Навбаҳор” 5 очко жамғарган ҳолда 6-7 поғонадан ўрин эгаллади. Амалдаги чемпион “Пахтакор” эса 8- ўринда 4 очко жамғарган ҳолда жойлашган. “Сўғдиёна”, “Металлург” 2 очко билан, “Олимпик” ва “Бунёдкор” эса 1 очко билан 12 таликка кирди. “Сурхон” ва “Динамо” бирорта ҳам очко тўплай олмасдан қуйи поғонада бормоқда.

4-тур баҳслари 28-31 март кунлари бўлиб ўтади.

Суперлига клублари ФИФА кунларида бир қатор футболчиларини терма жамоа сафига қўйиб юборади. Аниқроғи, терма жамоамиз мураббийи Сречко Катанец миллий чемпионатимиз клубларида 10 нафар футболчини чақириб олди. Улар орасида энг кўп футболчи “Навбаҳор” жамоасидан. “Лочин”лардан 4 та, “Насаф”дан 3 та, “Нефтчи”, “ОКМК” ва “Пахтакор”дан эса 1 тадан футболчи Ўзбекистон терма жамоаси ихтиёрига бориб қўшилади.
Шарҳимиз давомида Европа футболи ҳақида айрим хабарларга эътиборингизни қаратамиз. Хабарингиз бор, Испания Ла Лигасининг 29-турида “Барселона” “Атлетико” майдонига сафар қилиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Мазкур ғалабадан сўнг “Барселона” турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олган бўлса, “Атлетико” 5-ўринга тушиб кетди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, Ла Лигада Мадриднинг “Реал” клуби 72 очко тўплаган ҳолда биринчи поғонада бормоқда.
Франция чемпионатининг 26-турида “Монпелье” ўз майдонида “ПСЖ”га 2:6 ҳисобида енгилди. Ўйинда Мбаппе хет-трикка эришган бўлса, Витинья, Мендеш ва Ли биттадан гол урди. Шунингдек, Саваньер дубли билан жавоб қайтарди.
Аҳамиятлиси, Париж гранди мазкур 3 очко эвазига ўзининг мағлубиятсиз сериясини 24 та ўйинга етказиб қўйди. Килиан Мбаппе шериклари ноябрь ойидан бери ўтказилган 24 баҳснинг 17 тасида зафар қучган бўлса, яна 7 беллашув дуранг натижа билан якун топган. Луис Энрике шогирдлари охирги бор Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида “Милан”га 1:2 ҳисобида ютқазган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, айни пайтда “ПСЖ” 59 очко билан Лига 1 турнир жадвалида яққол пешқадамлик қиляпти. Асосий таъқибчиси “Брест” билан орадаги фарқ 12 очкони ташкил этади. Яна бир маълумот, Париж клуби Чемпионлар лигаси чорак финал босқичида Испаниянинг “Барселона” жамоаси билан куч синашади.
“Ливерпуль” форварди Муҳаммад Салаҳ Европа лигаси нимчорак финали доирасида “Спарта” билан бўлган баҳсда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жорий мавсумда урган голлари сонини йигирматага етказиб олди.

Шу тариқа, Муҳаммад Салаҳ “Ливерпуль” тарихида кетма-кет етти мавсумдан бери 20 та ва ундан ортиқ гол ураётган биринчи футболчи сифатида рекорд ўрнатди. Бундан ташқари мисрлик форвард Англия кубоги чорак финали доирасида “Манчестер Юнайтед” дарвозасини ҳам ишғол қилди.
Англия кубогининг чорак финалидан ўрин олган барча учрашувлар ўз ниҳоясига етди ва ярим финалга қуръа ташланди. Унга кўра, “Ковентри” – “Манчестер Юнайтед”, “Манчестер Сити” – “Челси” жамоалари финал йўлланмаси учун ўзаро рақобатлашади.
Маълумки, футболда нафақат клублар балки, уларнинг ишқибозлари ўртасида ҳам муросасиз баҳслар бўлиб ўтади. Айрим баҳслар ҳатто муштлашувга ҳам айланади.
Ана шундай муштлашувлардан бири Туркия Суперлигасининг 30-тури доирасида “Трабзонспор” ўз майдонида “Фенербахче”га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлганида содир бўлди. Бироқ унда мухлислар бир-бирлари билан эмас, балки футболчилар билан муштлашди. Аниқроғи, ўйин якунланганидан сўнг майдонда мезбон мухлислар ҳамда меҳмон футболчилар ўртасида йирик муштлашув содир бўлган. Ғалабани нишонлаётган “Фенербахче” футболчилари майдон эгаларига маъқул келмаган ва уларни томошабинлар бурчак байроғи билан савалашга тушиб кетган.
Вазиятга истанбулликлар легионери Фред ҳам аралашган ва у ишқибозлар билан муштлашган. Сўнг меҳмонлар хавфсизлик ходимлари ва полиция вакиллари ёрдамида майдонни тарк этишган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА