Нажот илм ва маърифатдадир
Мамлакатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатномасини ўқир эканман, ғоятда мутаассир бўлдим, тўлқинландим.
Замон эврилмоқда, сен-чи, замондош?
Мамлакатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатномасини ўқир эканман, ғоятда мутаассир бўлдим, тўлқинландим. Ва бир ижодкор, юртнинг оддий бир фуқароси сифатида кўнглим туғёнларини, ўй-мулоҳазаларимни изҳор этиш, қоғозга туширишга эҳтиёж сездим ўзимда. Аввало янги йилимизнинг номланиши ҳақида: “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”...
Президентимиз ушбу таклифни ўртага ташлаши билан даставвал “Имом уд-дунё” – бутун дунё имоми дея тан олинган ватандошимиз, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмайди ҳам!” деган машҳур сўзлари хаёлимга келди. Илмдан бошқа нажот йўқ... Дарҳақиқат, дунё илм билан қойимдир, дунёнинг ҳикмати, бардавомлиги илм заҳматкашлари – олимлар хизмати билан таъминланади. Шу сабабдан ҳам илм соҳиби, илм заҳматини чеккан зот Яратган олдида ҳам, дунё аҳли олдида ҳам ҳамиша қадрланади, шараф топади. Қуръони каримда: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража ва мартабаларга кўтарур” дея ваъда қилингани бежиз эмас.
“Уқув қайда бўлса – улуғлик бўлар,
Билим қайда бўлса – буюклик бўлар...”
деган эди Юсуф Хос Ҳожиб ҳазратлари бундан тўққиз ярим аср муқаддам яратилган “Қутадғу билиг” асарида. Шундай, илм буюклик келтиради. Инсон камолоти, жамият тараққиёти, дунё бардавомлиги илм билан. Албатта, биз довруқли алломаларимиз – Бухорий ва Хоразмийлар, Самарқандий ва Фарғонийлар, Насафий ва Термизийлар билан фахрланарканмиз, улар ҳақида ҳайрату ҳавас билан сўз юритарканмиз, бугунги ёшларимиз орасида ҳам ана шундай буюк зотлар камолга етаётганига ишонгимиз келади. Кейинги йилларда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётгани, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир анжуман, учрашувларда китоб ва китобхонликка алоҳида урғу бериши, бу масаланинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, жуда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётгани ва албатта, маориф соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар... булар ҳаммаси бизга ана шундай ишонч билдиришимизга изн беради.
Илм асли арабча сўз бўлиб, “билиш”, “маълумотга эга бўлиш” мазмунини англатади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам илм олиш фазилатини шундай баён қилдилар: “Кимки дунёни хоҳласа, илм олсин, кимки охиратни хоҳласа ҳам илм олсин”. Шу маънода айтишимиз мумкинки, муваффақиятларнинг сири ҳам кўп маълумотга, билимга эга бўлишдадир. Дунёнинг исталган ривожланган мамлакатини олиб қаранг: улар илмга, ёш авлод тарбиясига қаттиқ эътибор қаратгани натижасида юксакликка эришишган. Иккинчи жаҳон урушида аламли мағлубиятга учраган, вайронага айланган Япония, Германия давлатларининг қисқа фурсатда оёққа тургани, дунёни лол қолдиргани бор гап-ку. Улар чинакам мўъжиза кўрсатдилар. Ва бу мўъжиза замирида ҳеч бир ғайритабиий сир йўқ эди. Улар илм-фан тараққиётига куч бердилар. Сабр-матонат билан, изчиллик билан ёш авлодни замонавий илм-фан асослари билан қуроллантириб, уларни барча зарурий жабҳаларда мукаммал билимга эга бўлган мутахассислар қилиб вояга етказишга интилдилар. Ва кўп ўтмай кутилган мўъжиза рўй берди. Ҳа, шундай: буюк бобокалонимиз янглишмаган: Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмайди ҳам... Не бахтки, бизда ҳам шундай жараён бошланган ва собит қадамлик билан давом этмоқда...
Мурожаатномада айтилгани каби барчамиз ўз олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турганлигини ҳис қилишимиз зарур. Бирлашиб, бирдамликда тинимсиз ўқиб-ўрганиб, ишимизни мукаммал ва унумли бажариб, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради. Илм интизомни талаб этишини асло унутмаслик керак. Ва у биздан ғайрат-шижоат, тинимсиз меҳнатни талаб этади. Муқаддас китобимиздаги, биладиганлар билан билмайдиганлар баробар бўлурми, деган мазмундаги эслатма барчамизнинг қалбимизда огоҳлик сезгиси уйғотиши керак.
Энди, маърифат сўзига тўхталсак... Абдураззоқ Кошоний Самарқандий бу борада шундай таъриф беради: “Маърифат мухтасар илмларни тафсилотлар суратида танимоқдир, илоҳий маърифат илоҳий зот ва сифатларни аҳвол ва ҳодисалар тафсили ва нузул амрлар суратида таниш демак”.
Демак, маърифат Ҳақни танимоқдир. Ҳақни танишга эса фақат илм орқалигина келинади. Юртбошимизнинг китоб, илм дея такрор-такрор айтишларининг асл моҳияти шу. Яратгувчини билмаган, танимаган одамда ор, ҳаё, ғурур, фахр деган туйғулар бўлмайди. Ватан, миллат, халқ деган азиз тушунчалар не эканлигини фарқламайди. Илму маърифатсиз одамни қай томонга етакласанг, шу томонга кетаверади. Соф иймон-эътиқод нима эканлигини билмаган кишиларнинг аҳволи нақадар ночор эканлигини тушунтириш шарт бўлмаса керак. Энг аянчлиси, бундай одам учун ҳалол ва ҳаромнинг фарқи бўлмайди. У ўз манфаати учун ҳеч нарсадан тап тортмайди. Халқ ана шундай оғриқлардан халос бўлмас экан, мамлакат ривожи ҳақида гапириб ўтиришга ҳожат ҳам бўлмайди.
Демак, Ватан тараққиёти, миллат-халқ фаровонлиги ҳар жиҳатдан илмли, маърифатли, қатъиятли, тоза фикрли ташаббускор кишилар билан боғлиқдир. Давлат раҳбарининг куюнишида ёшларимизни шундай аянчли ҳолдан қутқариш мақсади ётганлигини англаш қийин эмас. “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак.” Юртбошимиз “ҳалоллик вакцинаси”ни илм, маърифат билан боғлиқлигини кўнглимизга сингдирмоқчи эканлиги юқоридаги сўзлардан ҳам англашилади. Фарзандларига ҳалол ризқу насиба бериш истагидаги ҳар қандай одам коррупция деган иллатдан нари юради. Коррупция бартараф этилсагина тараққиётга йўл очилади.
Дунёда илм-фан, технология шиддат билан ривожланиб бормоқда. Ахборот, маълумот олишнинг янги-янги йўллари пайдо бўлиб, бугунги кунда ахборот технологиялари кириб бормаган соҳа қолмади ҳисоб. Бу эса ҳар бир кишидан тинимсиз ўрганиш, илм-фан ютуқларини ўзлаштириб бориш, дунёдаги ўзгаришлар, янгиланишлардан огоҳ бўлиш, шунга қараб ўзига хос янгича услубларда меҳнат қилишни талаб этмоқда. Чинакамига тараққиётга эришиш истагидамизми, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз шарт.
Мурожаатномада аксарият вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқлиги айтилди. Демак, бу соҳани ҳам чуқур ўзлаштиришни асло кечиктириб бўлмайди.
Мен момомдан шундай бир нақлни эшитганман, буни айни ҳақиқат эканини энди-энди англаб турибман. “Отаси доно – биттаси доно, онаси доно – ҳаммаси доно”, дердилар бувим. Дарҳақиқат, асосий тарбиячи оилада она-ку. Ота-боболаримиз қизларимиз, яъни бўлажак оналаримизнинг таълим-тарбияларини ҳаёт-мамот даражаси деб билганлар. Бу сўзлар маъноси қанчалар теран эканлигини Мурожаатномада айтилган, қизларимиз учун алоҳида грантлар ҳам ажратилиши, Хотин-қизлар қўмитаси ушбу грантлар асосида ўқитишга номзодларни танлаш ва саралаш мезонларини ишлаб чиқиши кераклиги тўғрисидаги фикрлар ҳам исботлаб турибди. Биз фарзандларимиз келажагига эътиборсиз бўлишга ҳақимиз йўқ. Қизларимиз масаласида яна ҳам масъулиятли бўлишимиз эса бизнинг миллатпарвар, ватанпарвар эканлигимизга мезон бўлиб хизмат қилади. Қайси миллат ўз аёлларининг ору номусини жон каби азиз билса, уларга муҳаббатли бўлса у халқни асло енгиб бўлмайди, деган сўзларни ҳам тинглаганман. Муҳтарам Президентимизнинг қизларимизнинг келажаклари ҳақида ўйлашлари эса барча юртдошларимизни бирдай қувонтираётгани шубҳасиз...
Бугунги кунда мамлакатимизда тўққизта ижод мактаби фаолият юритмоқда. Исҳоқхон Тўра Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаблари ёнига ўтган йили Муҳаммадризо Огаҳий, Абдулла Қодирий, Ҳалима Худойбердиева номидаги ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўзлаштиришга ихтисослашган мактаб-интернатлари қўшилди. Мазкур ўқув даргоҳларида Ватанимизнинг чинакам келажаги бўлмиш иқтидорли ёшлар таҳсил олмоқда. Хизмат сафари билан ушбу мактабларда бир неча бор бўлган, ўқувчи-ёшлар билан учрашиб, адабиёт, ижод, бугунги ҳаёт хусусида кўп бора суҳбатлашган бир мутахассис сифатида айтишим мумкинки, янги ғоя, янги ташаббус маҳсули бўлмиш ижод мактаблари ўз вақтида ташкил этилди. Юртнинг эртаси, фарзандлар истиқболини ўйлаб амалга оширилган муҳим қадам бўлди ва Худо хоҳласа, яқин келажагимизда бунинг самарасига гувоҳ ҳам бўламиз. Юртбошимиз ишонч билдирганидек, ушбу илм даргоҳларида таҳсил олаётган ўғил-қизларимиз орасидан эрта бир кун Огаҳий, Ибрат, Абдулла Қодирийлар, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар етишиб чиқади.
Тарихни билмаслик, бу – ота-онасини танимаслик деганидир. Шу маънода ўтган аждодларимиз ҳақида теран билимга эга бўлишга барчамиз масъулмиз деб айта оламан. Демакки, жадид адабиёти, жадидчилик ҳаракати, улуғ маърифатпарвар боболаримизнинг бебаҳо меросини ҳам батафсил ўрганишимиз зарур. Шу ўринда жадид сўзига маъноси ҳақида... “Жадид” сўзи “янги” дегани. Бегали Қосимов сўзлари билан айтадиган бўлсак, бу шунчаки “янги” ё бўлмаса, “янгилик тарафдори” дегани эмас. Балки “янги тафаккур”, “янги инсон”, “янги авлод” сингари кенг маъноларни ўзида мужассам этган. Президентимиз таъкидлаганларидек, бу маънавий хазиналардан қанча кўп хабардор бўлсак, бугун бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларнинг ечимини топамиз ва жадидлар меросини қанча кўп тарғиб қилсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади. Жадидчилик ҳаракати тарихини Озод Шарафиддинов, Наим Каримов, Бегали Қосимов, Бойбўта Дўстқораев, Сирожиддин Аҳмедов, Шуҳрат Ризаев, Баҳодир Каримов сингари олимлар чуқур ўрганишган. Назаримда ёшларимиз жадид боболар тарғибига бағишлаган илмий-адабий асарларни ҳам ўрганишлари зарур.
Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида, 2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонлаш тўғрисидаги сўзлари адабиётимиз ва унинг тарғиботи учун жуда муҳимдир. Хабарингиз бор, ўтган йил мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан Огаҳийнинг 210, Абдулла Қодирийнинг 125, Ҳамид Олимжоннинг 110, Озод Шарафиддинов, Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергеновларнинг 90, Александр Файнбергнинг 80 йиллиги кенг нишонланди. Ҳамда уларнинг китоблари кўп нусхаларда нашр этилди.
Бир хайрли сабаб билан халқимиз бу улуғ зотларни яна эслади, ибратли ҳаёти ва ижодини ўрганди, китобхонларнинг жавони янги китоблар билан бойиди. Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг нишонлаш мобайнида ҳам ана шундай эзгу ишлар амалга оширилади. Ҳар қандай тамаддуннинг аввалида адабиёт туради. Адабиёт эса садоқатдан, ҳалолликдан, покликдан, халқпарварлик, ватанпарварликдан сабоқ беради. Бундай сабоқдан баҳраманд бўлганлар эса шубҳасиз ватаннинг фидойи фарзандлари бўлиб камолга етишади.
Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида ҳиммат ва ғайрат камарини белимизга боғлар эканмиз, ҳазрати Алишер Навоийнинг ҳиммат, фидойилик ҳақидаги қуйидаги байтларини эслаймиз:
Тухм ерга кириб чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқму?!
Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?!
Шукур, бизда миллат ва Ватан қайғусида жон чекиб хизмат қилаётган ғайратли, ҳиммати баланд инсонлар бисёр. Биз, Президентимиз таъкидлаганидек: “... буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз”. Шундай экан, мақсад манзилига ёруғ юз билан етишимиз тайин. Ҳа, бунга шубҳа йўқ. Бир замонлар дунёни лол қолдирган юзлаб, минглаб алломаларни дунёга келтирган бу қадим замин яна ўзлигини намоён қилади. Зеро, донишманд халқимизнинг “оққан дарё оқаверади” деган эзгу ақидаси ҳам бизга шундай ишонч беради!..
Ғайрат МАЖИД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари.