Наврўз — халқлар бирдамлиги байрами
Наврўз қадимий қадрият, бой фалсафага эга баҳор айёмидир. Ҳаётбахш Наврўзни нафақат ўзбеклар, балки кўп миллатли диёримизда биз билан бирга яшаб, бирга нафас олаётган, миллатлари турфаю мақсадлари ягона бўлган юртдошларимиз ҳам катта тараддуд билан қаршилайди.
Зеро, бизнинг Ватанимизда Наврўз барчага баробар гўзаллик ва нафосат, эзгулик ва саховат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрами сифатида янгидан қадр топди.
Ҳозир мамлакатимизда 147 та миллий-маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ташаббуслари билан юртимизнинг турли ҳудудларида Наврўз сайиллари бўлиб ўтмоқда. Масалан, қозоқ ва қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз қиз қувди, кўпкари ўйинлари ва халқ оқинларининг айтишувларини уюштирса, тожикларимиз сумалак дошқозонлари атрофида мушоира ва баҳру байтлар, ёр-ёру лапарлар айтишиб, кўнгилларни завққа тўлдираяпти.
Турк биродарларимиз кенг майдонлар ва тоғ ён бағирларидаги гўзал хиёбонларда баҳор айёмини байрам қилмоқда. Бундай базмларда каттаю кичик, ёшу қари, эркагу аёл, ҳамма-ҳамма даврани кенг олиб, қўл ушлашиб рақсга тушади. Давранинг қоқ ўртасида чолғувчилар довул (ноғора), зурна (сурнай) чалиб, бор маҳоратлари билан чор атрофни мусиқа садолари ила обод қилади. Базмда албатта туркча палов дамланади. Зиёфатдан сўнг эса барча иштирокчиларга байрам совғалари улашилади.
Озарбайжон дўстларимиз Наврўз арафасидаги охирги чоршанба куни албатта ош дамлайдилар ва уни узоқ-яқиндаги ёру дўстлар, қўни-қўшнилари билан бирга баҳам кўрадилар. Озарбайжон болалари эса худди рўза ойида рамазон айтиб келган болалардек махсус қопчиқлар билан дуч келган хонадонга ташриф буюрадилар-да, Наврўз урфига кўра қопчиқни эшик ичкарисига киритиб қўйиб, ўзлари яшириниб турадилар. Қопчиқни кўрган хонадон эгалари уни ўзларида бор мева-чева ва ширинликлар билан тўлдириб, ташқарига чиқариб беради.
Наврўз барча қатори турли миллат вакилларини ҳам хайру саховат ишларига даъват этмоқда. Улар ҳам Наврўз кунларида ногиронларга, бемору ночор кишиларга саховат кўрсатади, уларнинг ҳолидан хабар олиб, имкон даражасида моддий ва маънавий ёрдам беради. Миллий-маданий марказлар эса муайян Меҳрибонлик уйларига, ёрдамга муҳтож оилаларга ҳомийлар орқали хайрия ёрдамлари уюштиради.
Тожик, қирғиз, турк, қозоқ, туркман, озарбайжон, татар, бошқирд каби қадим томирлари туташ миллатларнинг урф-одатида бир-бирига яқин жиҳатлар кўп. Наврўз удумларида ҳам айни ўша бир хиллик ва ўзаро яқинликнинг гўзал ифодаларини кўрамиз.
Улар ҳам Наврўз баҳона ўзларининг қадим аждодлари урфларига қайта ҳаёт бахш этмоқда. Кўпкари, қиз қувди, аскиялар, айтишувлар, келин саломлару мушоиралар, дор ўйинларию беллашувлар – буларнинг ҳаммаси инсониятнинг ғайрати, шижоати, қалб гўзаллигидан дарак бергувчи бебаҳо удумлар, қолаверса, юртимиздаги яхшилик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик намойишидир.
Ана шундай лаҳзаларда юртбошимизнинг "Шу муқаддас заминда истиқомат қилувчи ҳар бир инсон ўзини эркин, бахтиёр ҳис қилсин", деган улуғ истаклари нақадар чуқур мазмунга ва шу қадар катта қудратга эга эканини юрак-юракдан ҳис этамиз.
Ҳа, инсон буюк. Инсон азиз. Унга шундай беғараз, меҳрли ва эъзозли нигоҳ билан қаралганда, у қайси миллат вакили бўлишидан қатъи назар, Тангрининг тенгсиз яратмиши, гўзалликлар ва яхшиликлар рамзига айланади.
Ўзбекистон Наврўзи ана шундай эзгуликлар тимсолидир. У шунчаки намойиш, шунчаки байрам эмас, балки одамнинг инсоний туйғуларига қувват бергувчи, уларни яқинлаштиргувчи, жипслаштиргувчи, ягона Ватан туйғусини мустаҳкамлагувчи бебаҳо омилдир.
Ғайратилла Шукуров,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Миллатлараро муносабатлар ва
хорижий мамлакатлар билан
дўстлик алоқалари қўмитаси матбуот котиби